ССВ: Юртимизга АҚШдан коронавирусга қарши 3 миллион 60 доза Moderna вакцинаси келтирилди
Ўзбекистонга коронавирусга қарши 3 миллион 60 доза Moderna вакцинаси олиб келинди. Вакцина АҚШ томонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVAX дастури доирасида ажратилган бўлиб, айни шу сонияларда махсус ҳаво қатнови воситасида АҚШнинг Алабама штатидан юртимизга етказиб берилди.
Аэропортда юкни қабул қилиб олиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаев, Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хаджибаев, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи, Бош давлат санитария врачи Баҳодир Юсупалиев, халқаро миқёсда эса АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Дениэль Розенблюм, USAID нинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Маммедзаде, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчиси Кристофер Фитцпатрик ва бошқа масъуллар иштирок этишди.
Маълумки, «Moderna» компаниясининг коронавирусга қарши қўлланиладиган 3 миллион 60 доза вакцинасини Ўзбекистон учун АҚШ беғараз кўмак тариқасида ажратди.
Айтиш лозимки, Moderna Қўшма Штатларда қўлланилаётган 3 та вакцинадан биттаси ҳисобланади. Шунингдек, АҚШ Касалликлар назорати ва уларнинг олдини олиш бўйича маркази (CDC) маълумотига кўра, «Moderna» компаниясининг вакцинаси 94 фоиздан зиёд самарадорликка эга бўлгани ҳолда COVID-19 вируси юқишини бартараф этади.
Аҳамиятли жиҳати, Aмериканинг Moderna вакцинаси ЖССТ томонидан фавқулодда ҳолатларда фойдаланиш учун тасдиқланган («Pfizer», «Johnson & Johnson» компанияларининг вакциналари, шунингдек, «AstraZeneca» компаниясининг икки турдаги препаратидан сўнг) бешинчи вакцина ҳисобланади. ЖССТ экспертлар гуруҳи вакцинанинг вирусга қарши 94,1 фоиз самарадор эканини таъкидлаб, уни 18 ёшдан катта бўлган барча аҳоли гуруҳлари учун тавсия қилган.
ЖССТнинг маълумотига кўра, вакцина кўп дозали флаконда –25ºC дан –15ºC гача бўлган музлатилган суспензия сифатида етказилса-да, флаконларни биринчи дозани олишдан олдин 30 кунгача 2–8°C ҳароратда совутгичда сақлаш мумкин. Бу дегани препаратни жойларга етказиш учун совуқлик занжирини таъминловчи ускуналар бўлиши ҳар доим ҳам шарт эмас. Уни оддий совуткичда ҳам сақласа бўлади. Мазкур вакцина тери остига юборилади, эмлаш 28 кунлик интервал билан икки дозадан иборат.
Бугун, 30 июль куни соат 11:00 да Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати биносида расмий вакиллар иштирокида Moderna вакцинасини расмий топшириш маросими бўлиб ўтади.