“Столбани ҳам қамашган” даврда судланган собиқ “ГАИ ходими” оқланди

Ҳамид Раҳматов (исм, фамилия шартли) 1982 йил 26 октябрь куни Жомбой туманида туғилган. У 2011 йил 4 мартдан 2014 йил 9 январга қадар қамоқда бўлган. Нега? Тўғри, ҳозирги кунда “Жомбой дон маҳсулотлари” АЖда тузуккина иши бор. Аммо қайси айби учун у шундай жазога лойиқ топилди?

Охирги суд мажлисигача Ҳ.Раҳматовни ҳам шу саволлар қийнаб келарди. Айтиш мумкинки, у ўша – “столбалар ҳам қамалган” даврда панжара ортига ташланганди.

Суднинг ҳукмига кўра, Ҳ.Раҳматов 2002 йил август ойидан ички ишлар тизимида, 2006 йил июль ойидан вилоят ИИБ ЙҲХБ инспектори лавозимида ишлаган. Ўзи билан биргаликда ишлаб келаётган Рустам Жўраев билан жиноий тил бириктириб, 2010 йил ноябрь ойининг ўрталарида фуқаро Холмурод Обидов бошқарувидаги, фуқаро Лариса Сатторованинг ихтиёрида бўлган “Нексия” русумли автомашинани тезликни ошириб келаётганида, уларни “тўхташ” ишорасига бўйсинмасдан кетганликлари сабабли, автомашина штаб ЙПХ масканида тўхтаб турганида автомашинани “Шайман деҳқон бозори”даги автомашиналар жарима майдончасига олиб борган.

Ҳеч қандай ҳужжат расмийлаштирмасдан, автомашинани қўйиб юбориш учун 500 000 сўм пул талаб қилган. Л.Саттарова ва Х.Обидовлардан 60 000 сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида олган.

Дастлабки инстанция судининг ҳукмига кўра, унга 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Апелляция инстанциясида суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Мазкур суд ҳукми билан Р.Жўраев ҳам судланган бўлиб, ишнинг унга оид қисми кассация инстанциясида кўрилиб муҳокама қилиниши белгиланганлиги сабабли, апелляция инстанциясида муҳокама қилинмайди.

Бироқ Судлов ҳайъати қуйидаги асосларга кўра, суд ҳукмининг Ҳ.Раҳматовга оид қисмини бекор қилиб, уни оқлаб реабилитация этишни лозим деб топди. Нега?

Жиноят процессуал кодексининг 22-моддасида терговчи, прокурор ва суд жиноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шартлиги, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши кераклиги, ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозимлиги қайд этилган.

Апелляция инстанциясида сўроқ қилинган судланувчи Р.Жўраев 2011 йил 5 март куни вилоят ИИБ ЙҲХБга чақиртирилиб, мажлислар залига киритишганлиги, мажлислар залида ДХХ ходимлари ҳам бўлганлиги, улар уни ва яна икки кишини ўзлари билан вилоят прокуратурасига олиб кетишганлигини билдирган. Вилоят прокуратурасида унга тазйиқ ўтказиб, фуқаро Л.Саттаровадан 60.000 сўм пулларни пора тариқасида олгансизлар деб айтган. Шундан сўнг у қамоққа олинган ва ДХХ биносига олиб борилган ва 2 ой давомида у ерда қолган. Ўша вақтда уни тергов органи “...бу ишни бекор қилиб бўлмайди, қамалиб кетасан”, деб қўрқитганлиги сабабли, дастлабки тергов ва биринчи босқич судида 60.000 сўм олганлиги ҳақида кўрсатувлар берган. Бироқ Л.Саттаровани бир марта фақат судда кўрганлигини, Х.Обидовни умуман кўрмаганлиги, улардан пул олмаганлиги Л.Саттарова туҳмат қилаётганлиги ҳақида кўрсатма берган.

“Порахўрлик жиноятлари ҳақидаги ариза ва хабарларни кўриб чиқиш, бу тоифадаги жиноят ишларини тергов қилиш ва судда кўришда қонун талабларига қатъий риоя қилинишини таъминлаш ҳақида” 2014 йил 23 июндаги Қўшма кўрсатманинг 8.1 бандида, “...Шуни назарда тутиш лозимки, ўзига нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган ёки пора олиш-беришда воситачилик қилган шахснинг аризаси ҳар бир ҳолатда Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 22,95-моддаларига асосан синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текширилиши, аризачининг кўрсатмаларидан ташқари, бошқа объектив далиллар аниқланмаганида жиноят иши қўзғатилишига, шахс қамоққа олинишига, жиноий жавобгарликка тортилишига йўл қўйилмасин;

- 8.2 бандида, “...Шахсга айб эълон қилишга фақат объектив далиллар мажмуигина асос бўлиши мумкинлиги, бунда далиллар доирасини пора берувчи ва у билан боғлиқ шахсларнинг кўрсатмалари ҳамда айбига иқрорлик кўрсатмалари билан чегаралаб қўймасдан, шахсни айблаш учун пора предметининг олиниши, қонунлар билан белгиланган тартибда почта-телеграф ва электрон жўнатмалари, аудио ёки видеоёзувлар, телефон ва бошқа мосламалар орқали амалга оширилган сўзлашувлар аниқланиши каби аниқ мезонлар билан асослантириш шарт (жиноят устида ушлаш ҳолатлари бундан мустасно)”лиги тўғрисида кўрсатма берилган.

Дастлабки тергов органи мазкур Қўшма кўрсатманинг талабига риоя қилмасдан, фақатгина судланган Р.Жўраев ва гувоҳ Л.Саттарова ва Х.Обидовларнинг кўрсатмаларига асосланиб, Ҳ.Раҳматовни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси 3-қисми “б” банди билан айблаган.

Шунингдек, Л.Саттарова судланувчилар Ҳ.Раҳматов ва Р.Жўраевлар ундан пора олган вақти тегишли тартибда ариза билан мурожаат қилмасдан орадан тўрт ойга яқин вақт ўтганидан сўнг бошқа ЙҲХБ ходимлари ундан пора талаб қилиб олганлиги учун ушланганидан сўнг оғзаки мурожаат қилган. Биринчи босқич суди мазкур ҳолатларга ҳам тегишли тартибда баҳо бермаган.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 82-моддасида, ишни айблов хулосаси ёки айблов далолатномаси билан судга юбориш ва айблов ҳукми чиқариш учун содир этилган жиноятнинг вақти, жойи, усули, исботланган бўлиши керак, деб қайд этилган.

Бироқ Л.Саттарова ва Х.Обидовларнинг дастлабки терговдаги кўрсатувлари ишда йиғилган бошқа объектив далиллар билан тасдиқланмаган, масалан, Ҳ.Раҳматов ва Л.Саттаровалар ўртасида бўлиб ўтган суҳбатлар ёзиб олинмаган, айбловга қўйилган 60.000 сўм пуллар пора тариқасида қачон олинганлиги, яъни жиноят содир этилган вақт аниқланмаган.

Мазкур айблов фақатгина тахминларга ва кўрсатувларга асосланган. Ишни атрофлича кўриб чиққан суд ҳайъати ажрими билан жиноят ишлари бўйича вилоят судининг 2011 йил 22 июндаги ҳукмининг Ҳ.Раҳматовга оид қисми бекор қилинди.

У айбсиз деб топилиб, оқланди. Реабилитация қилиниши муносабати билан унга мулкий, маънавий ва бошқа зиённи қоплаш масаласида даъво талаби билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари тушунтирилди.

Ў.МАМАДАЛИЕВ,

жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди раиси ўринбосари.