Суд – адолат қўрғони, аммо Қодир бобо ундан адолат тополмаяпти

Шунга асосан, 2012 йилда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан Қ.Амоновга уйнинг кўча томонига қараган эни 7 метр, узунлиги 18 метрлик бузилиши лозим бўлган қисми ўрнига икки қаватли, яъни биринчи қаватига савдо дўконлари, иккинчи қаватига уй-жой қуриш тавсия этилган. Аммо Қ.Амонов ушбу қурилишни амалга ошириш учун маблағи йўқлиги боис буни рад этади. Шундан кейин Самарқанд шаҳри П.Сулаймоний кўчасида яшовчи фуқаролар Э.Абдуллаев ва Ф.Аҳмедов томонидан Қ.Амоновга ушбу қурилишни ўзларининг ҳисобидан амалга ошириш таклифи билдирилади. Келишувга кўра, янги қурилган бинонинг учдан икки қисми Э.Абдуллаев ва Ф.Аҳмедовлар, учдан бир қисмига (қўшимча равишда 8 метр х 6 метр ертўласи билан) Қ.Амонов эгалик қилиши кўзда тутилади. Ушбу келишув 2012 йил 28 январь куни Самарқанд шаҳридаги 13-сон давлат нотариал идорасида тасдиқланади. 2012 йил 23 апрелда томонларнинг розилиги ҳақидаги аризалар шаҳар архитектура ва қурилиш бўлимининг хулосаси инобатга олиниб, Самарқанд шаҳар ҳокимининг қайта қуришга рухсат бериш тўғрисидаги қарори қабул қилинади.

2013 йил 10 июнда янги қурилган бинога давлат қабул ҳайъатининг далолатномаси асосида Самарқанд шаҳар ҳокимининг эгалик ҳуқуқи ўрнатилиши юзасидан қарори қабул қилинади. Аммо Қ.Амоновнинг таъкидлашича, анча вақт бу ҳақида унинг хабари бўлмаган. Бинони қабул қилиш учун ҳеч ким келмаганини иддао қилади. Унинг айтишича, янги қурилган бинонинг ўзига тегишли уй-жой қисми ҳужжатини ҳам кейинчалик олган. Қолаверса, келишувда белгиланган уй-жой таъмирланиши охиригача етказилмаган. Биз ҳам бу ҳолатга шикоятни ўрганиш чоғида гувоҳ бўлдик.

Қ.Амоновнинг муаммолари айнан шундан кейин юзага кела бошлади. Яъни, нотариал тасдиқланган ва шаҳар ҳокими қарорида белгиланган бинога қўшимча равишда Э.Абдуллаев ва Ф.Аҳмедовлар томонидан лойиҳадан  ташқари 10 метр х 1,20 метр айвон ўзбошимчалик билан қуриб олинади.

Ушбу ҳолат юзасидан Қ.Амонов 2014 йилда қўшимча қурилган айвон унинг оиласи яшашига ноқулайлик туғдираётгани, шу масалани ҳал этиб беришини сўраб шаҳар ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилади ва унга фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиши лозимлиги тушунтирилади. Фуқаролар Э.Абдуллаев ва Ф.Аҳмедовлар оғзаки келишув асосида лойиҳадан ташқари қўшимча қурилиш ва таъмирлаш ишларини олиб борганлиги ва бунинг учун сарфлаган қўшимча 22 миллион 945 минг сўмни Қ.Амоновдан ундириб берилишини даъво қилишади.

2014 йил 23 октябрда ушбу низо фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида кўриб чиқилади ва икки томоннинг даъво аризалари рад этилади. Мазкур иш юзасидан 2015 йил 2 июнда фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди апелляция инстанциясининг ажрими қабул қилинади. Ушбу ажримга нисбатан Ўзбекистон Олий суди раиси ўринбосари томонидан келтирилган протест асосида  2016 йил 9 февралда  Ўзбекистон Республикаси Олий суди Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида ушбу иш назорат тартибида кўриб чиқилиб, ажрим бекор қилинади, иш янгидан кўриш учун шу инстанция судига юборилади.

2016 йил 5 май куни мазкур иш фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судида кўриб чиқилади. Суд Қ.Амоновнинг лойиҳадан ташқари ўзбошимчалик билан қуриб олинган 10 метр х 1,20 метр ҳажмдаги айвонни бузиш ҳақидаги даъвосини қаноатлантириш, фуқаролар Э.Абдуллаев ва Ф.Аҳмедовларнинг 22 миллион 945 минг сўмни Қ.Амоновдан ундириб бериш ҳақидаги қарши даъво талабини рад қилиш ҳақидаги ҳал қилув қарорини қабул қилади.

Суднинг ҳал қилув қарорида мажбурий бузилиши белгиланган айвон ўрганишимиз чоғида ҳали ҳам бузилмаганлигининг гувоҳи бўлдик. Бунга фуқаро Ф.Аҳмедовнинг суд қарорига нисбатан кассация шикояти сабаб бўлади.

Мазкур иш 2016 йил 14 октябрда фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилояти судида кўрилади. Ушбу вилоят судининг кассация судлов ҳайъати фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида ажрим чиқаради. Аммо суднинг қарор ва ажримидан норозиликлар давом этаверади. Лойиҳадан ташқари қурилган айвон бузилмасдан қолаверади. Шу сабаб бу иш 2017 йил 19 июлда, 2018 йил 5 март куни фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида (дастлаб иш шу судда кўрилганди) икки марта кўриб чиқилади. Икки сафар ҳам Қ.Амоновнинг лойиҳадан ташқари ўзбошимчалик билан қуриб олинган 10 метр х 1,20 метр ҳажмдаги айвонни бузиш ҳақидаги даъвосини қаноатлантириш, фуқаролар Э.Абдуллаев ва Ф.Аҳмедовларнинг  22 миллион 945 минг сўмни Қ.Амоновдан ундириб бериш ҳақидаги қарши даъво талабини рад қилиш ҳақидаги ҳал қилув қарорлари қабул қилинади.

Бироқ айвон бузилгани йўқ. Фуқаро Қодир Амоновнинг таҳририятимизга маълум қилишча, у яна фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилояти судига ушбу иш юзасидан чақирув қоғози олибди. "Судма-суд юришдан жуда ҳам чарчадим, адолат борми, йўқми?! Жараён бундай кетаверса, мен мамлакатимиздаги барча фуқаролик ишлари бўйича судларни айланиб чиқаманми? Охири борми бу оворагарчиликларнинг?", дейди Қодир бобо биз билан суҳбатда.

Дарҳақиқат, нафақа ёшидаги Қодир Амоновнинг куйиниб гапиришида жон бор. Юқорида биз ҳолатни баён этдик, неча йиллардан буён низо давом этмоқда. Қ.Амоновнинг фойдасига судларнинг неча бор ҳал қилув қарорлари ва ажримлари чиққан. Масала моҳияти аён. Энди Қодир Амонов олган нафақасини судма-суд юришга сарфласинми ёки тирикчилигию кундалик эҳтиёжигами?

Таҳририятимизга мурожаат қилганда ҳужжатларининг нусхасини-да кўпайтиришга моддий томонидан қийналаётган отахонни ҳам маънавий, ҳам моддий томондан қийнашдан нима наф? Президентимиз "Суд - адолат қўрғони бўлиши лозим", дея таъкидлаб турганда Қодир бобо нега адолат тополмаяпти?

Бу масалага мутасаддилар эътибор қаратишидан умид қиламиз.

Ғолиб АБДУСАЛОМОВ,

"Зарафшон"нинг

махсус мухбири.