Судда қандай ишлар соддалаштирилган тартибда кўрилади?
Судларга мурожаатлар йил сайин кўпайиб бормоқда. Бу халқимиз ҳуқуқий маданияти ошаётгани ҳамда суд органларига ишончи ортиб бораётганидан далолат. Иккинчи томондан бу ҳолат судларда иш ҳажмининг мунтазам ошиб боришига сабаб бўляпти.
Айрим ишлар бўладики, мураккаб суд жараёнларини талаб қилмайди. Шу сабаб, 2019 йил 20 мартдаги “Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга асосан Иқтисодий процессуал кодексига (ИПК) соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган ишлар тоифаси белгиланди.
Хусусан, кодекс “Соддалаштирилган тартибда иш юритиш” ҳақидаги боб билан тўлдирилди.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган ишларда қуйидаги:
- агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан - базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозимлигига;
- даъвогарнинг илтимосномасига кўра, жавобгарнинг розилиги билан бошқа ишлар ҳам соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши мумкинлигига;
- корпоратив низолар бўйича ишлар, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилмаслигига эътибор қаратилиши лозим.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган иш бўйича даъво аризасига доир талаблар мавжуд бўлиб, соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган иш бўйича даъво аризаси Иқтисодий процессуал кодекснинг 149-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлиши керак.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишни кўриб чиқиш хусусиятлари ҳам мавжуд бўлиб, жавобгар даъво аризаси юзасидан ёзма фикрини даъво аризасининг кўчирма нусхаси ўзига топширилган пайтдан эътиборан ўн беш кунлик муддатда судга ўзи асосланаётган ҳужжатлар ва далилларни илова қилган ҳолда тақдим этишга ҳақлилиги, ёзма фикрга унинг кўчирма нусхаси даъвогарга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинаши, даъво аризаси юзасидан ёзма фикр жавобгар ёки унинг вакили томонидан имзоланиши, вакил томонидан имзоланган ёзма фикрга ишончнома илова қилиниши кабиларни келтириб ўтиш ўринли.
Шунингдек, даъво аризасининг судга юборилиши ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар томонидан даъво аризаси юзасидан ёзма фикр тақдим этилмаганлиги даъво аризасини соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди. Белгиланган муддат ўтганидан кейин судга келиб тушган даъво аризаси юзасидан ёзма фикр, далиллар ва бошқа ҳужжатлар, агар уларни белгиланган муддатда тақдим этишнинг имкони бўлмаганлиги тараф томонидан асослантирилган ва улар суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар келиб тушган бўлса, қабул қилинади. Соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги иш даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан ошмаган муддатда даъво аризаси юзасидан ёзма фикрни, далилларни ҳамда бошқа ҳужжатларни тақдим этиш учун белгиланган муддат ўтганидан кейин судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори ихтиёрий тартибда ижро этилади. Бундай тартибда кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач, қонуний кучга киради.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича қайси ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунига қадар ихтиёрий тартибда ижро этилмаган бўлса, ўша ҳал қилув қарори тарафларнинг илтимосномаси бўйича суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида, суд харажатларини ундиришга тааллуқли қисми эса суднинг ташаббуси билан мажбурий ижро этилиши лозим.
Самарқанд вилояти иқтисодий судлари томонидан 2024 йилнинг 9 ойи давомида кўрилган ишларнинг 1227 таси ёки 10 фоизи соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилган. Бу ишларнинг 1164 таси қаноатлантирилган, 58 таси қаноатлантириш рад этилган, 1 таси кўрмасдан қолдирилган, 4 таси иш юритишдан тугатилган.
Мазкур иқтисодий судларида даъво талаблари қаноатлантирилган ишлар бўйича даъвогар (аризачи)лар фойдасига 2 миллиард 996 миллион 4 минг сўм ундириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилинган.
Хуршид Турсунов,
Самарқанд вилояти суди раиси ўринбосари,
иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси.