Судьялар кутубхонага аъзо бўлди
Самарқанд вилоят суди судьялари ва суд ходимлари Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази фаолияти билан танишди.
– Китоб ўқимаган судья ҳаётни етарли тушунолмайди. Чунки амалдаги қонунлар билан бирга ҳаётнинг ҳам ўз ёзилмаган қонунлари бор, – дейди Самарқанд вилояти суди судьяси Б.Жумабоев. – Инсон тақдирини ҳал қилувчи судья эса кенг дунёқарашли, мулоҳазали, ҳаётий тажрибали ва кучли билимли бўлиши лозим. Бунинг учун, ҳуқуқий адабиётлар, қонунларни ўрганиб бориш билан бирга мунтазам равишда бадиий адабиёт билан ошно бўлиб, дунёқарашини, маънавиятини ошириши лозим. Шу мақсадда бугун ушбу зиё масканига келиб, марказ фаолияти билан яқиндан танишдик.
Ташкил этилганига жорий йилда 110 йил тўладиган кутубхона 650 мингдан зиёд китоб фондига эга. Бу китобларнинг 10 мингдан ортиғи нодир адабиётлар ҳисобланади. Ўтган йил марказ биноси вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан капитал таъмирланди. Кутубхона музейи, болалар зали, илмий зал, ҳуқуқий адабиётлар бўлими ташкил этилди.
Ҳуқуқий адабиётлар бўлими, унда тўпланган китоблар фонди ҳуқуқшуносларда катта қизиқиш уйғотди.
Судья ва суд ходимлари кутубхонага доимий аъзо бўлдилар. Шу билан бирга, ўзлари билан олиб келган китоблар ва кўп йиллик газета тахламларини кутубхона фондига тақдим қилди.
Самарқанд вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.