Сунъий интеллект этикаси керак(ми?)

Сўнгги йилларда бошқа кўплаб технологиялар сингари сунъий интеллект (СИ) технологиялари ҳам жадал ривожланмоқда. Аввал илмий-фантастик ғоя сифатида қаралган ушбу технология ҳозирда кўплаб соҳаларда, мисол учун, таълим, тиббиёт, молия, саноат ва ҳатто санъат соҳаларида ҳам фаол равишда қўлланилмоқда. Бироқ одамлар сунъий интеллектдан кенг фойдаланиши натижасида турли имкониятлар эшиги очилиш баробарида айрим хавф ва муаммолар ҳам вужудга келяпти.

Мисол учун, таълим жараёнида СИ тизимида ишловчи иловалар ҳар бир ўқувчининг ўзлаштириш қобилиятига мос равишда ўқув материалларини тақдим этади. Ушбу иловалар ёрдамида ўқувчилар хоҳлаган чет тилини мустақил ўрганиш имкониятига эга бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, СИ ёрдамида корхоналар ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириб, меҳнат самарадорлигини сезиларли даражада оширмоқда. Яъни, автомобил заводларида роботлар инсон меҳнатини енгиллаштиряпти. Кўриш ёки ҳаракат қилиш имконияти чекланган инсонлар учун СИ воситалари ёрдамида овоз орқали бошқариладиган қурилмалар, ақлли ногиронлар аравачалари ишлаб чиқарилмоқда.

Аммо шунга қарамай, сунъий интеллектнинг баъзи салбий жиҳатлари мавжудлиги унутмаслик керак. Биринчидан, СИ туфайли иш ўринлари қисақариши кузатилмоқда. Масалан, ишлаб чиқариш соҳасида қадоқлаш ҳамда сифатни назорат қилиш каби такрорланувчи вазифаларни бугун роботлар бажаряпти.

СИ тизимларининг қарорлари ҳар доим ҳам тушунарли ёки аниқ бўлавермаслиги мумкин. Бу эса соғлиқни сақлаш ёки суд-ҳуқуқ соҳаларида нотўғри қарорлар қабул қилиниши хавфини келтириб чиқаради.

Бундан ташқари, СИ технологияларига эга бўлган мамлакатлар ёки корхоналар рақобатда устунликка эга бўлади. Бу эса ресурслар ва имкониятларнинг нотекис тақсимланишига олиб келади.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, сунъий интеллектни тўғри бошқариш орқалигина ундан инсониятнинг ривожланишида фойдаланиш мумкин. Бунинг учун ҳукумат, олимлар ва технологик компаниялар сунъий интеллект этикасини қонуний тартибга солиш тамойилларини ишлаб чиқиши зарур бўлади.

Шоҳиста ИСТАМОВА,

СамДЧТИ ўқитувчиси.