Сув тежовчи технологиялар: Эртанги муаммонинг бугунги ечими
Зарафшон дарёси вилоятнинг ягона сув манбаи ҳисобланади ва 340 минг гектардан ортиқ суғориладиган ер майдонлари айнан шу дарёдан келадиган сувга бевосита боғлиқ. Дарёдан келадиган сув сарфининг кўп йиллик кўрсаткичларини таҳлил қилганимизда сув миқдори ҳар йили 7-10 фоизга камайиб бораётганлиги кузатилди.
Вилоятдаги энг йирик Каттақўрғон ва Оқдарё сув омборлари ҳам Зарафшон дарёсидан тўлдирилади. Агарда дарёдан келадиган сув кескин камайиб кетадиган бўлса, ушбу сув омборларига ҳам сув жамғариш имконияти бўлмайди ва уларнинг қуриш хавфи юзага келади.
Сув танқислигининг олдини олиш учун мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, ҳозирдан сувнинг ҳар томчисини тежаш барчамизнинг энг асосий вазифамиз эканлигини англашимиз зарур.
Мавжуд сув ресурсларининг қарийб 70 фоизи қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирилишига сарфланишини инобатга олиб, ҳозирдан барча суғориш ишларида сув тежовчи технологияларни жорий этиш лозим. Мисол учун, экинларни ёмғирлатиб, томчилатиб, дискрет (пулсар) суғориш тизими, эгилувчан қувурлар орқали суғориш ва ер майдонларида лазер текислаш ишларини олиб бориш зарур.
Вилоятимизда 2017-2023 йилларда жами 164,6 минг гектар майдонда сувни тежовчи технологиялар жорий этилган. Шундан 56,5 минг гектар майдонда томчилатиб, 2,8 минг гектар майдонда ёмғирлатиб, 141 гектар майдонда дискрет, 42,3 минг гектар майдонда эгилувчан қувурлар орқали суғориш тизими, 14 минг гектарда эгатга плёнка тўшаб суғориш тизими ҳамда 48,7 минг гектар майдонни лазер ускунаси орқали текислаш ишлари амалга оширилди. Бу орқали йилига ўртача 150-170 миллион метр куб сув иқтисод қилинишига эришилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 январдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича бир қатор вазифалар белгиланди.
Қарорга асосан, “Aгробанк” AТБ томонидан сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш бўйича шаффоф онлайн кредит ажратиш имконини берувчи “suvkredit.uz” электрон тизими ишлаб чиқилиб, 2024 йил 1 февралдан ишга тушbрилди. Ушбу платформа орқали 2 йиллик имтиёзли давр билан 5 йил муддатга 14 фоиз миқдорида онлайн кредитлар ажратилмоқда.
Давлат раҳбарининг ушбу қарори асосида фермер хўжаликлари ва агрокластерлар олдида турган бир қатор муаммоларга ечим топилди. Жумладан, тижорат банклари томонидан ажратилаётган кредит фоизи миқдори 2 йиллик имтиёзли давр билан 14 фоизга тушbрилди. Фермер хўжаликлари томонидан кредит олиш жараёнида гаров таъминоти мажбурияти бекор қилинди.
Шунингдек, ушбу қарор билан қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқ етиштириш учун фойдаланиладиган сув ҳажми, шу жумладан деҳқон хўжаликлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга эга бўлган жисмоний шахслар учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 1 куб метр сув учун 100 сўм этиб белгиланди.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори асосида фермер хўжаликлари ва агрокластерларга катта имтиёзлар берилиши ҳисобига 2024 йил учун белгиланган прогноз кўрсаткичлар йилнинг иккинчи чорагида тўлиқ бажарилишига эришилди.
Жорий йилда 10,1 минг гектар майдонда томчилатиб, 3,2 минг гектар майдонда ёмғирлатиб, 3,2 гектар майдона дискрет, 8,3 минг гектар майдонда эгилувчан қувурлар орқали суғориш тизими ва эгатга плёнка тўшаб суғориш тизими жорий этилган бўлса, 23,1 минг гектар майдонни лазер ускунаси орқали текислаш ишлари амалга оширилди.
Бу орқали ўртача 61 миллион метр куб сув тежалишига ва иқтисод қилинган сув ҳисобига 18 минг гектар майдондаги такрорий экинларни сув билан таъминлаш имконияти яратилди.
Ушбу кўрсаткични ўтган йил билан таққослайдиган бўлсак, жорий йил биринчи чорагининг ўзида 2023 йилга нисбатан 40 фоиз ўсганлигини кўришимиз мумкин.
Бундан ташқари, Президентимизнинг юқоридаги қарорига асосан 2025 йилдан:
- сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинганда ҳамда суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда сув солиғи ставкасига 0,5 камайтирувчи коэффициент;
- сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинганда ёки суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда сув солиғи ставкасига 0,7 камайтирувчи коэффициент;
- балиқчилик учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда сув солиғи ставкасига 0,7 камайтирувчи коэффициент;
- сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинмаган ҳамда суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланмаганда сув солиғи ставкасига 1,5 оширувчи коэффициент қўлланилади.
Яъни, бу сув тежовчи технологияларни жорий етмаган истеъмолчилар 1 куб метр сув учун 150 сўм солиқ тўлашига тўғри келади, дегани. Шу билан бир қаторда сувни тежовчи суғориш технологияларини жорий этган фермер хўжаликлари ва агрокластерларга давлатимиз томонидан бир қатор имтиёзлар қўлланилади.
Жумладан, сув тежовчи технологияларни жорий қилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга субсидиялар технологиянинг сифат кўрсаткичидан келиб чиққан ҳолда, томчилатиб, ёмғирлатиб ва дискрет суғориш технологияси жорий қилинган майдонларга субсидия маблағлари ажратилади. Бунда улар беш йил муддатга ер солиғидан озод қилинади, сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинган ер майдонлари камида 5 йил мобайнида мақбуллаштирилмайди, сув ҳисоблагич қўйилганда сув солиғидан 30 фоиз имтиёз берилади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, сувни тежовчи технологияларни жорий этиш ишлари жадаллаштирилмасдан, экин майдонларини суғоришда анъанавий усулдан фойдаланиш ишлари давом этадиган бўлса, келажак авлод сув танқислигидан азият чекиши муқаррар.
Шуҳрат ЮСУПОВ,
вилоят сув хўжалиги бошқармаси бўлим бошлиғи.