Суварак сути инсониятни қутқарадими?
- Суваракларни ҳамма мамлакатлар, қитъаларда ҳам ёқтиришмайди, деб ёзади “Мир новостей» (2020 йил 25-сон) ҳафтаномаси. – Шунга қарамасдан агар ҳинд олимларига ишониладиган бўлса, яқин келажакда инсоният ушбу ёқимсиз ҳашаротга бўлган нафратини шафқатга айлантириб, уни кўпайтиришга киришади. Ҳиндларнинг кейинги тадқиқотларига қараганда, сувараклар сут бериш қобилиятига эга ва олимларнинг фикрича, ривожланаётган мамлакатларни очликдан қутқариши мумкин.
Суварак сигирдан яхши
Ҳиндистон биология институти тадқиқотчилари Diploptera punctata суваракларнинг ягона маълум тури ўз авлодларини оқсил кристалли таркибга эга сут билан боқишини маълум қилди. Аниқланишича, суварак сути Ғарбда тарқалган сигирлар сутига қараганда тўрт марта тўйимли экан. Агар сигир сути 120 килокалорияга эга бўлса, суварак 700 килокалория қувватга тенг.
Ҳинд олимлари суварак сути камбағал мамлакатларни очликдан қутқаришини айтишди. Ушбу сут асосида озиқа қўшимчаси тайёрланиб, ғайриоддий маҳсулот яратилади ва Африканинг камбағал давлатларига егулик сифатида таклиф қилинади.
Соғиладиган сувараклар қаерда яшайди?
Табиий яшайдиган сувараклар орасида сут берадиганлари Океания, Узоқ Шарқ ва сайёрамизнинг Осиё қисмида учрайди. Diploptera punctata, яъни суваракларнинг бу тури авлодларини ўз сути билан боқувчи ягона тури ҳисобланади. Суварак сутидаги оқсил кристаллари ақл бовар қилмас даражада тўйимли бўлиб, микроэлементларга бой ва тирик организмларда яхши ҳазм қилинади. Бугунги кунда сутга талаб шунчалик каттаки, олимлар уни сунъий йўл билан ўхшашини яратиш устида ишламоқда. Аммо бадавлат мамлакатларда тўйимли ва микроэлементларга бойлиги учун суварак сутининг табиийсига талаб катта.
Маълум бўлишича, бир қатор мамлакатларда бунинг ғами ейилиб, кўп сонли суварак фермалари ташкил қилинган ва ўқув қўлланмалари ҳам яратилган. Бунга Хитойнинг Сычуань провинциясидаги бир суварак фермасини мисол кетириш мумкин. У йилига олти миллиардан кўпроқ суварак кўпайтиради. Суваракларни кўпайтириш ўта қулай. Бунинг устига бу ҳашарот инжиқ эмас, ҳамма нарсани еяверади, уй ҳайвонларидан фарқли ўлароқ касалликка чалинмайди. Унга талаб эса Осиё мамлакатларида доимо катта. Тўғри, ҳинд олимларининг яқиндаги бу кашфиётигача суварак фермалари маҳсулотига фармацевтика ва косметика фирмалари асосий харидор эди. Хитой шифокорларининг ишонч билдиришларича, сувараклардан тайёрланган дори ракка қарши энг самарали восита экан.
Соғишни кўпайтириш керак
Суварак сутидан фойдаланишнинг афзалликларига қарамай, ҳашаротдан сут соғиб олиш, унинг қанчалик маҳсулдорлигини тушуниш қизиқарли. Олимлар бу кўрсаткични ҳисоблаб чиқишди. Хусусан, юз грамм суварак сутини соғиб олиш учун мингга яқин ҳашаротни соғиш талаб қилинади. Бунда уларни боқиш ва етиштириш харажатларини ҳисобга олмоқ даркор. Натижада, бу маҳсулотни олиш шунчалик қимматга тушадики, Африканинг оч аҳолисини боқиш амримаҳол. Аммо олимлар бу омилга илмий ёндашиб, сувараклар ажратиб чиқарадиган оксилни синтез йўли билан ишлаб чиқаришни мўжаллашмокда. Бу жараён унча қиммат эмас, ҳатто бундай йўл билан олинган оқсилнинг озгинаси ҳам инсонни зарур микроэлементлар ва колория билан таъминлашга қодир.
Тоғаймурод ШОМУРОДОВ тайёрлади.