Сувдан фойдаланиш юзасидан бир кунда 19 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда асосий манба саналган сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув тақчиллигини юмшатиш юзасидан сувдан фойдаланиш қоидаларига оғишмай риоя этиш сингари долзарб масалалар ўта муҳим саналади.

Шу мақсадда, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Самарқанд вилояти бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5742-сонли Фармони ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш юзасидан назорат тадбирлари ўтказилмоқда. 

2021 йилнинг 9 июль куни ўтказилган назорат тадбирларида 19 та қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди.

Хусусан, Ургут туманида 5 та, Паст Дарғом туманида 3 та, Пайариқ, Самарқанд, Жомбой ва Иштихон туманларида  2 тадан, Булунғур, Нуробод, Нарпай, Пахтачи ва Оқдарё туманларида 1 тадан қонунубузилиш ҳолатлари содир этилди.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан 5 та маъмурий ва молиявий чоралар кўрилиб, 2 та ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар, қонуний чора кўришлик учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга юборилди. Сувдан фойдаланувчилар ва сув хўжалиги ходимлари томонидан етказиб берилган сувни исроф қилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида тегишли соҳалар раҳбарларига 4 та ёзма кўрсатма ва тақдимномалар киритилди, мазкур ҳолатларни бартараф этиш мақсадида 8 та огоҳлантиришлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 74 моддаси 2-қисмига асосан, ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилди.

Агроинспекциянинг Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизмати.