Сувни лойқалатманг

Иккинчи жаҳон урушидан кейин амалда Ер юзидаги мавжуд империяларга бирин-кетин дарз кета бошлади. Осиё, Африка ва Америка қитъаларидаги кўп мустамлака мамлакатлар миллий озодликка эришди. Биз ана шу жараёнга асрнинг сўнгги ўн йиллигидагина қўшилдик. 1991 йилда собиқ Иттифоқнинг тарқаб кетиши билан 15 мустақил давлат пайдо бўлди.

Бироқ дунёда империячилик ғояси йўқолгани йўқ. Илгари мустамлакачи бўлган мамлакатлар миллий мустақилликка эришган давлатлар устидан ҳукронлик қилишнинг янги-янги йўлларини изламоқда. Шу тариқа неоколониализм, яъни янги мустамлакачилик сиёсати юзага келди.

Кейинги кунларда кенг муҳокама бўлаётган, айрим шахсларнинг “Ўзбекистонда рус тилига миллатлараро алоқа тили мақоми берилиши керак!” деган ғояси ортида ҳам ана шундай янги мустамлакачи кучлар тургандек гўё.  Бинобарин, Ўзбекистонда рус тилига расмий мақом бериш ғоясини кўтариш амалда мустамлакачиликни қўмсашдан бошқа нарса эмас.

Тўғри, дунё харитасида икки ёки ундан ортиқ тил давлат тили ҳисобланган мамлакатлар ҳам мавжуд. Бундай давлатларда аҳолининг кўпчилик қисмини ташкил этадиган этник миллат вакилларининг тилига иккинчи расмий ёки давлат тили мақоми берилади. Лекин Ўзбекистонда аҳолининг 80 фоиздан ортиғини ўзбеклар ташкил этади. Руслар эса сон жиҳатидан унчалик кўп эмас (1 миллионга яқин).

Демак, бизда иккинчи бир тилга давлат тили мақоми беришга ҳеч қандай демографик асос йўқ. Бундан ташқари, азал-азалдан ўзбеклар билан ёнма-ён яшаб келган тожиклар, қозоқлар, қирғизлар, туркманлар тилимизни жуда яхши билишади, улар билан алоҳида “миллатлараро алоқа тили” да гаплашишга ёки мулоқот қилишга ҳатто, шўро даврида ҳам эҳтиёж йўқ эди.

Яна бир жиҳат, мамлакатимизда рус тилининг ўқитилиши ва ўрганилишига ҳам етарлича эътибор берилмоқда. Таълим рус тилида олиб бориладиган мактабларида рус тили она тили сифатида ўқитилади. Бошқа олти (ўзбек, қорақалпоқ, тожик, қозоқ, қирғиз, туркман тилли) мактабларда рус тили асосий фанлардан бири сифатида ўқитилади, чет тили сифатида эмас. Ҳамма мактабларда бирон бир чет тили ўқитилади ҳам.

Бир ярим минг йиллик ёзма тарихга эга тилимиз бор. Алишер Навоийдек даҳо айнан шу тилда бутун оламни лол қолдирадиган даражадаги буюк асарлар яратган. Улуғ бобокалонимизнинг “Тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз”, деган доно ҳикматларини рус тилига давлат тили мақомини беришни талаб қилаётганлар шахсларга яна бир карра эслатиб қўйгим келади. Рус тилига давлат тили мақомини беришни талаб қилиш – амалда ўзбек халқи юзига оёқ қўйиш билан баробар, деб биламан. Бу сувни лойқалатишдан бошқа нарса эмас.

Биз – кўпмиллатли мамлакатда яшаймиз. Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилгани бошқа ҳеч бир тилнинг равнақига зиён етказмайди. Бизда барча миллат ва элатлар вакилларининг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланган.  Рус тили Ўзбекистонимизда давлат тили мақомига асло  муҳтож эмас.

Аксинча, бугун мамлакатимиздаги бошқа миллат ва элатлар вакилларининг ўзбек тилини янада яхшироқ ўрганишини таъминлашни ўйлашимиз даркор.

Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

ёшлар мураббийси.