Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Светофорларни хусусийлаштириш ҳақидаги хабарлар рад этилди

Ижтимоий тармоқларда эндиликда жисмоний ёки юридик шахслар, ҳудудий йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаларига хат билан мурожаат этган ҳолда, ўзлари истаган жойда светофор ўрнатишлари мумкин ва қонунда бунинг учун ҳеч қандай чекловлар йўқлиги ҳақидаги асоссиз хабарлар тарқалди. ИИВ бу бўйича муносабат билдириб, тарқалган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирди.

Қонунчиликка кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ваколатларига шаҳарлардаги, шаҳарчалар ва қишлоқ аҳоли пунктларидаги кўчаларнинг, йўлкаларнинг ҳамда йўл ҳаракатини тартибга солиш воситаларининг, шунингдек шаҳар электр транспорти йўлларининг жиҳозланиши ва соз ҳолатда сақланишини таъминлаш ваколати кириши кўрсатилган.

Шунингдек,  Автомобиль йўллари қуриш ва фойдаланиш ташкилотининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ваколатларига автомобиль йўлларида йўл ҳаракатини тартибга солиш воситалари, тезкор алоқа тизими қурилишини ва мазкур йўлларнинг ушбу воситалар ва тизим билан жиҳозланишини амалга ошириш ҳамда уларнинг сақланишини таъминлаш ваколати кириши кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ваколатларига йўлларнинг ва темир йўлларни кесиб ўтиш жойларининг сақланиши, уларнинг йўл ҳаракатини тартибга солиш воситалари билан жиҳозланиши устидан назоратни амалга ошириш ваколати кириши кўрсатилган.

Амалдаги Йўл ҳаракати қоидалари 4-бандининг иккинчи хатбошисида "Тегишли ваколатга эга бўлмаган юридик ва жисмоний шахсларга йўл қопламасини бузиш, ўзгартириш ёки зарар етказиш, ифлослантириш, йўл белгиларини, светофорларни ва ҳаракатланишни ташкил этишнинг бошқа техник воситаларини ўзбошимчалик билан олиб ташлаш, ўрнатиш, тўсиб қўйиш, шикастлантириш, йўлларда ҳаракатланишга тўсқинлик қилувчи нарсаларни қолдириш, "сунъий нотекислик" қурилмаларини ўрнатиш тақиқланади" дея белгиланган.

Йўл ҳаракатини тартибга солиш воситаларини ўрнатиш вазифаси масъул идора ва ташкилотлар зиммасига аниқ юклатилган бўлиб, исталган жисмоний ёки юридик шахслар бундай воситаларни ўзбошимчалик билан ёки қандайдир рухсат асосида ўрнатиш ваколатига эга эмаслигини маълум қиламиз.

Шу ўринда маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 147-моддасига кўра, йўлларга, темир йўлдан ўтиш жойларига, йўл ҳаракатини тартибга солувчи бошқа иншоотлар ёки техник воситаларга шикаст етказиш, шунингдек йўл ҳаракатига қасддан, шу жумладан йўл қопламасини ифлослантириш йўли билан халал бериш, худди шунингдек автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиш, уларда сунъий нотекисликлар ва тўсиқлар яратиш, автомобиль йўлида ишларни амалга ошириш учун берилган рухсатнома талабларини бажармаслик, шунингдек йўлларни сақлаш қоидаларини бузиш — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида, мансабдор шахсларга эса — ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ўз навбатида, интернет ижтимоий тармоқларидаги турли саҳифалар эгаларидан асоссиз ва тасдиқланмаган, ёлғон хабарларни тарқатмасликларини сўраймиз, дейилади вазирлик хабарида.