Танқиддан сўнг: Қўшработдаги мактабга 20 тонна кўмир келтирилди
Жорий йилнинг 1 ноябрь куни Zarnews.uz ҳамда Қўшработ тумани ҳокимлиги сайтларида “Куз ўтиб боряпти, қиш яқинлашмоқда, кўмирдан эса дарак йўқ” сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Унда Қўшработ туманидаги баъзи умумий ўрта таълим мактабларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати танқид қилинганди. Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси мақолада кўтарилган масалалар юзасидан қуйидагиларни маъум қилди.
“Тумандаги 49-умумий ўрта таълим мактаби фаолияти, мавсумга тайёргарлиги туман ҳокимлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳи аъзолари томонидан ўрганилганда муассасанинг куз-қиш мавсумига тайёр эмаслиги, кўмирхонасида кўмир йўқлиги маълум бўлган.
Қисқа фурсатда амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида мактабга 20 тонна кўмир олиб келинди. Айни пайтда нафақат ушбу мактаб, балки вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидаги бошқа таълим муассасаларининг куз-қиш мавсумига шайлиги қайта ўрганилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, яқинда вилоят ҳокими Э.Турдимов оммавий ахборот воситалари вакиллари билан мулоқот чоғида баъзи мактабларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида жиддий камчиликлар борлигини алоҳида таъкидлади. Ўз навбатида, мактаб директорлари таълим муассасасини иситишга эмас, бевосита таълим самарадорлигини таъминлашга жавобгар эканлигини қайд этиб, ушбу масалага ижро ҳокимияти жиддий эътибор қаратиши лозимлигини талаб қилди.
Айтмоқчимизки, мавсумни муносиб ўтказиш, ўқувчи ва ўқитувчиларнинг куз-қиш мавсумининг совуқ кунларида азият чекмаслиги учун нафақат ижро ҳокимияти, балки келажак авлод тақдирига масъул барча идора ва ташкилотлар бирдек, зиммасидаги масъулиятни ўз вақтида адо этиши лозим.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати”.