Тадбиркорлар фойдасига 68 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ ундирилган

Бу ҳақда Матбуот уйида бўлиб ўтган брифингда вилоят иқтисодий суди раиси вазифасини бажарувчи Орифжон Нуримов айтиб ўтди.

Ҳисобот даврида биринчи инстанцияда вилоят ва туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари томонидан хусусий тадбиркорлик субъектлари даъвогарлигида 1090 та ишлар кўриб чиқилиб, даъвогарлар фойдасига 68 миллиард 868 миллион сўм ундирилган.

Вилоят, туман, шаҳар ҳамда туманлараро иқтисодий судлари томонидан 9 ой давомида 5278 та иқтисодий ишлар мазмунан кўрилиб, ҳал этилган. 2358 та иш сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.

Ушбу ишлар бўйича даъвогар (аризачи)лар фойдасига 198 миллиард 405 миллион сўм ундириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилинган. Шунингдек, Республика бюджети ҳамда суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармасига 6 миллиард 667 миллион сўм давлат божи ундирилган. Даъвогарлар томонидан Республика бюджети ҳамда суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармасига 1 миллиард 190 миллион сўм давлат божи ихтиёрий тўланишига эришилган.

Иқтисодий ишларни кўриш давомида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан 8 та, мулкий жавобгарликка тортиш юзасидан 36 та, интизомий жавобгарликка тортиш юзасидан 52 та хусусий ажримлар чиқарилган.