Тадбиркорлар солиқ турлари, уларни тўлаш, солиқ ҳисоботларини тўғри юритиш тартибидан қанчалик хабардор?

Самарқанд вилояти давлат солиқ хизмати органлари томонидан тадбиркорлик субъектларига солиқ ҳисоботларини топшириш, дастлабки бухгалтерия ҳужжатларини юритишга кўмаклашиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш бўйича манзилли ишлар ҳаётга татбиқ қилинмоқда.

“Солиқчи - тадбиркорга кўмакчи” тамойилига асосланган галдаги тарғибот тадбири Паст Дарғом туманида ўтказилди. Вилоят давлат солиқ бошқармаси ва Паст Дарғом тумани давлат солиқ инспекцияси ходимлари тадбиркорлик субъектлари ҳузурига бориб, уларнинг фаолияти билан атрофлича танишди ва солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар хусусида сўз юритиб, имтиёзлардан фойдаланиш тартиби, ҳисоботларни бехато топшириш бўйича тавсиялар берди.

- Иш бошлаганимизга уч ой бўлди, - дейди “Алибекжон” оилавий корхонаси раҳбари Мусурмон Расулов. - Дастлаб корхонамиз бухгалтериясини юритиш, солиқ ҳисоботларини топширишда тушунмовчиликларга дуч келдик. Ушбу масалалар юзасидан туман давлат солиқ инспекцияси ходимларига мурожаат қилдик. Мурожаатимиз эътибордан четда қолмади. Солиқчилар бизга амалий ёрдам кўрсатди. Бунинг самараси ўлароқ, солиқларни ўз вақтида тўлаб, ҳисоботларни камчиликсиз топшириб келяпмиз.

Тадбир доирасида Паст Дарғом тумани давлат хизматлари марказида тадбиркорлик фаолиятини бошлаган ёшларга ҳам соҳадаги ўзгаришлар, бухгалтерия ҳисобини юритиш ва солиқ ҳисоботлари хусусида атрофлича тушунча берилди.

- Биз, ёш тадбиркорлар солиқ турлари, уларни тўлаш, банклардан имтиёзли кредит олиш, солиқ ҳисоботларини тўғри юритиш тартиби бўйича муҳим маълумотларга эга бўлдик, - дейди Суннатилло Мусурмонов. - Бугун олган билим ва кўникмаларимиз келгуси фаолиятимизда асқотиши шубҳасиз.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.