Тадбиркорлар судга “чақирилди”
Самарқанд вилоят суди биносида вилоят суди раиси ўринбосарлари, судьялар, вилоят прокуратураси, солиқ, адлия, банк идоралари, савдо-саноат палатаси, иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармалари масъул шахслари иштирокида тадбиркорлар билан давра суҳбати ўтказилиб, уларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
– Бугун тадбиркор ва ишбилармонлар учун катта имкониятлар яратилиб, имтиёзлар берилмоқда, – деди вилоят суди раиси ўринбосари Ш.Мамадиёров. – Лекин бундан хабардор бўлмаган ёки имтиёзлардан фойдалана олмаётган, айрим ҳолларда бюрократик тўсиқларга дуч келаётган тадбиркорлар бор. Шу билан бирга берилган имтиёзларни суиистеъмол қилаётган сохта тадбиркорлар ҳам афсуски учрамоқда. Давра суҳбати ана шу масалалар ҳақида ўзаро фикрлашиб олиш, муаммоларга биргаликда ечим излаш мақсадида ташкил этилди.
Давра суҳбатида судьялар томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги “Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва унинг аҳамияти, Жиноят кодексининг 184-моддаси, яъни солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш жинояти билан боғлиқ масалалар ҳақида тадбиркорларга атрофлича маълумот берилди. Хусусан, 2021 йилнинг январь-апрель ойлари давомида 28 нафар шахсга нисбатан шу тоифадаги жиноят ишлари кўрилган бўлиб, 1 нафар шахс оқланган ва 27 нафар шахсга нисбатан жазо тайинланган. 42 миллиард 937 миллион сўмни ундириш ҳақида ҳукмлар қабул қилиниб, 32 миллиард 186 миллион сўм қисми қопланган.
Давра суҳбати давомида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.