Тадбиркорлик субъектларига ишсиз хотин-қизларни иш билан таъминлаганлик учун давлат гранти ажратилади

Тадбиркорлик субъектларига ҳар 1 нафар бандлиги таъминланадиган ишсиз хотин-қиз учун 3 миллион сўмдан ошмаган миқдорда навбатдаги давлат гранти ажратилишини эълон қилинди.

Шу муносабат билан маҳаллаларда марказлар фаолияти учун навбатдаги давлат грантини олиш истагида бўлган тадбиркорлик субъектлари 2023 йил 25 ноябрга қадар тегишли маҳалла фуқаролар йиғинларига лойиҳа таклифларини ва ҳужжатларини тақдим этишлари мумкин.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари орқали тақдим этилган лойиҳалар 28 ноябргача туман-шаҳар ишчи гуруҳлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Низом талабларига мувофиқ кўриб чиқилади.

30 ноябрга қадар ҳудудий бошқармалар томонидан Оила ва хотин-қизлар қўмитасига давлат гранти ажратилиши сўралган буюртманома юборилади.

Лойиҳалар 15 декабрга қадар Республика комиссияси томонидан кўриб чиқилади.

Комиссия қарорига кўра 2023 йил 20 декабрга қадар Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан навбатдаги давлат гранти ажратилади.