Талаба неча фоизлик таълим кредити олиши мумкин ва қанча вақтда қайтариши керак?
Бугунги кунда талабаларга Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси билан бир хил – 14 фоизлик таълим кредитлари таклиф этилмоқда.
Агар келгусида қайта молиялаш ставкаси республика бўйича ошса ҳам кредит фоизи кўтарилмайди. Аксинча, агар қайта молиялаш ставкаси тушадиган бўлса, талаба олган таълим кредити фоизи ҳам пасаяди.
Бу ҳақда Марказий банкнинг Самарқанд вилоят бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шерзод Сувонқулов ҳамда вилоятдаги бир қатор тижорат банклари масъуллари матбуот анжуманида журналистларга маълумот берди.
Айтилишича, жорий йилда таълим кредитлари учун бу йил вилоятда тахминан 71 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бугунги кунгача 224 нафар талаба ариза топшириб, жами 2 миллиард 25 миллион сўм кредит олганига эътибор қаратсак, “лимит тугаб қолади” деган хавотирга ўрин йўқ.
Масъулларга кўра, таълим кредитини талаба олийгоҳни битиргач, олти ойдан сўнг қайтара бошлайди. Таълим даврида эса кредитнинг фақат фоизлари тўлаб борилади.
Мазкур 14 фоизлик кредитлар олийгоҳларнинг кундузги бакалавр ҳамда магистратура босқичида таҳсил олаётган талабалар учун. Сиртқи ва бошқа турдаги таълим учун кредитлар бозор шароитидан келиб чиқиб банклар томонидан белгиланади.