Таълимга тош отаётганлар ким?: Асл ҳақиқат сиз ўйлагандек эмас
Кейинги йилларда халқимиз орасида эркин фикр билдириш ва танқидий ёндашувлар сезиларли ошди. Одамлар сиёсат, миллатнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳаёти ҳақида ўз фикрларини билдирмоқда. Бу яхши, аммо тўлиқ маълумотга эга бўлмасдан ноҳақ билдирилаётган айрим фикрлар кишини ўйга толдиради.
Самарқанд давлат чет тиллари институтининг 1-босқич талабасиман. 7 йил давомида ота-онамдан олисда яшаганим боис жамиятни ўрганишга, одамларнинг қарашларини баҳолашга, хорижий тилларни ўрганиш орқали чет элликларнинг ёндашувларини солиштиришга ҳаракат қилдим. Бугун таълим ҳақида гап кетганда, аксар одамлар давлатни танқид қилишга ошиқади: “Таълимга маблағ етарли эмас, мактабларда дарс сифати паст, ресурслар кам”.
Ҳар йили Давлат бюджетининг салмоқли қисми ижтимоий харажатларга, жумладан, таълим ва илм-фанга сарфланади. Сўнгги 8 йилда 9,5 мингта мактабда капитал реконструкция ишлари амалга оширилди, олий таълимга қабул тизимида эса шаффоф ва замонавий стандартлар жорий қилинди.
Шундай бўлса-да, айримлар тизимни айблашмоқда. Қашқадарё вилоятининг олис ҳудудидаги, рейтинг бўйича қизил тоифага кирувчи, яъни энг оғир ҳолатдаги мактаблардан бирида таҳсил олдим. 20 нафар синфдошимдан 3 нафари олий ўқув юртига кирдик. Бизни малакали ўқитувчилар ўқитишди: халқаро С1 даражасига эга инглиз тили фани ўқитувчиси, олий тоифали она тили, тарих ва бошқа фан ўқитувчилари. Лекин нима учун фақат уч нафар ўқувчи олий таълимга қабул қилинди, деган савол туғилади. Мактабимизда кутубхона ва замонавий технологиялар, интернет билан таъминланган информатика хонаси бор. Аммо кутубхонадан бирорта ўқувчи китоб олмайди. Олган тақдирда ҳам китоблар ё жавонда чанг босади ёки уйда йиртилади. Информатика дарсларида эса ўқувчилар интернетда видеолар кўриб, ўйин ўйнаш билан банд. Ўқитувчи уларнинг диққатини жамлашга ҳаракат қилади, лекин бу имконсиз. Чунки қизларнинг хаёлида қайсидир дўконда кўрган чиройли кўйлаги ёки қайси турк сериали қаҳрамонининг кимга уйланиши, ўғил болалар эса отасининг 50 та қўйини кўпайтириш, жуда бўлмаса, Россияга бориб, қурилишда ишлаш орқали даромад топишини ўйлайди. Сабаби, оилада муҳит шундай.
Таълим оиладан бошланади. Ота-оналар болаларида таълимга меҳрни уйғотиб, устозга ҳурматни сингдирмасдан, аксинча, боласи учун ўқитувчини айблашга тайёр турар экан, болалар устозларни ҳурмат қилмасликда давом этаркан, таълим сифати қандай яхшиланиши мумкин?
Олий таълимда ҳам шунга ўхшаш муаммоларни кўрдим. Баъзи олий таълимга яқин ҳам келмаган одамлар тизим коррупция ботқоғига айлангани ҳақида ҳеч иккиланмасдан гапиради. Бироқ мен шу тизимда ўқиётган шахс сифатида вазият улар ўйлаганидек эмаслигини айтмоқчиман, асосларим ҳам бор, албатта. Биз оилада уч фарзандмиз ва барчамиз олий ўқув юртида ўқиймиз. Отам оддий уста ва ягона таъминловчимиз. Агар имтиҳонлар коррупцияга ботган бўлса, биз бугун талаба бўлолмаган бўлардик, чунки иқтисодий ҳолатимиз порахўрларнинг жиғилдонини тўлдиришга етмайди. Шу пайтгача учаламиз на бирорта ички имтиҳонларда баҳо учун пул тўлаганмиз, на кимнингдир хизматини бажарганмиз. Топган пулимизни фақат ўз эҳтиёжларимизга сарфлаймиз, ота-онамиз билдирган ишончни оқлаш учун тинимсиз ўқиймиз.
Абитуриент пайтимда “Ҳозир нимани билсанг, шу билим билан университетни тамомлайсан”, дейишганди. Аммо университет домлаларининг билим ва тажрибаси жуда юқорилигига гувоҳ бўлдим. Уларнинг дарс бериш услуби, талабаларга характер жиҳатдан ёндашуви олий таълимнинг бекорга олий таълим дея аталмаслигини кўрсатди. Имтиҳонларда эса фақат маърузада тушунтирилган мавзулар сўралади. Аммо кўпчилик талабалар дарсда ухлагани кечаси билан ижтимоий тармоқда банд бўлгани оқибатида имтиҳонлардан ўтолмайди. Айримлар эса яхши баҳо олган курсдошларини “домланинг ёқтирган талабаси” дейишади. Аслида эса ўша талабалар дарсни диққат билан тинглаб, топшириқларни бажариб, излангани учун ҳам устоз уларни ҳурмат қилади. Улар дарс давомида орттирган билимлари сабабли имтиҳонлардан қийинчиликларсиз ўтади.
Ачинарлиси нима, биласизми? Ишласа чалғийди, дарс қилолмайди, дея 90 фоиз талабанинг моддий эҳтиёжларини ота-онаси тўлайди. Ҳатто, баъзилар кириш имтиҳонида етарли балл тўплай олмаган бўлса, болам ўксинмасин, деб табақалаштирилган контракт асосида бўлса ҳам ўқитади. Аммо бундай фарзандлар хоҳлаган ишини қилади, кафема-кафе, кўчама-кўча айланиб, дарсларга эътибор қаратмайди. Оқибатда бундай талабалар имтиҳонлардан йиқиладида, кейин тизимни айблашади.
Таълим сифатини ошириш учун, аввало, ота-оналар фарзандларида билим олишга бўлган қизиқишни уйғотиши керак. Чунки ҳақиқий таълим-тарбия оиладан бошланади, давлат ва ўқитувчилар эса бунга замин яратиб беради, холос. Зеро, тараққиётнинг 16 фоизи моддий-техник базага, 20 фоизи ахборот ресурсларига, 64 фоизи инсон омилига боғлиқлиги жаҳон тажрибасида синалган. Бу шуни англатадики, ҳаммаси ўзимизнинг ҳаракатимизга боғлиқ.
Гулсанам Мамасолиева.