Таниқли эпидемиолог Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг олдини олишга ёрдам беради
Дунёнинг таниқли эксперти, тиббиёт фанлари доктори, профессор Михаил Фаворов ҳукумат таклифига биноан Ўзбекистонга келди.
Мутахассис мамлакатимиздаги ҳамкасбларига юртимиз ҳудудига коронавирус кириб келиши ва тарқалишига қарши курашда кўмаклашади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан ишлаш бўлими маълум қилган.
Шу кунларда Михаил Фаворов мустақил халқаро эксперт сифатида вазирлик ҳузуридаги мамлакатимизга коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида тузилган штаб аъзолари билан биргаликда ушбу йўналишга ихтисослашган даволаш муассасалари тиббий ходимларига маслаҳат ёрдамини кўрсатмоқда.
АҚШ микробиология жамияти аъзоси Михаил Фаворов жамоат соғлиқни сақлаш ва эпидемиология соҳасида халқаро эксперт ҳисобланади. Бу мутахассис умрининг 40 йилини дунёнинг турли давлатларида юқумли касалликлар хусусиятларини ўрганиш ва олдини олишга бағишлаган. Айни йўналишда профессор 100 дан зиёд илмий иш қилган.
Халқаро вакциналар институти Бош директорининг ўринбосари сифатида М.Фаворов кўплаб хавфли юқумли касалликларга қарши вакциналар жорий этиш дастури ижроси билан шуғулланган.
Шунингдек, олим дала шароитида касалликларнинг тарқалиши хусусиятларини баҳолаш, лицензия олингунга қадар клиник шароитда эмлаш синовларини ўтказиш ва эмлашнинг мақсадга мувофиқлиги ва таъсирини баҳолаш лойиҳаларини намойиш этиш бўйича ҳам самарали фаолият олиб борган.