Иқтисодчи: "Тараққиёт стратегияси ижросини таъминлашда Япония тажрибасидан фойдаланиш лозим"
"Иқтисодиёт тармоқларида барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш орқали келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни — 1,6 баравар ва 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг АҚШ долларидан ошириш ҳамда «даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар» қаторига кирамиз". Бу – Президентимиз томонидан ишлаб чиқарилган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёти стратегиясида белгиланган.
Бундай тараққиётга эришишга барча асосларимиз бор. Бизда меҳнат, табиий ресурсларимиз етарли. Фақат улардан самарали ва мақсадга мувофиқ равишда фойдаланиш лозим. Бунда биз Япония тажрибасидан фойдалансак, мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки Япония бутунлай хонавайрон бўлиш билан бирга қисқа вақтда дунёдаги етакчи давлатлар сафига, яъни АҚШ ва Хитойдан кейин 3-ўринга чиқиб олган. Бунга қандай эришилганлигини ўрганиш ва ундан амалиётда фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлаймиз.
Маълумки, Иккинчи жаҳон урушида Япония жуда катта талафот кўриб, бутунлай хонавайрон бўлди. Чунки АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари 1945 йил 6 ва 9 август кунлари Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳрига ядровий ҳужум уюштирди. СССРнинг қуруқликдаги ҳарбий ҳаракатлари Японияни 1945 йил 2 сентябрда сўзсиз таслим қилди. Бунинг оқибатида ўша куннинг ўзида 180 минг киши портлаш қурбони бўлди. Атом бомбасининг ташланиши Японияга мисли кўрилмаган даражада зарар етказди. Радиация тарқалиши оқибатида урушнинг салбий таъсири янада кучайиб, ўлим ҳолати кундан-кунга ошиб борди. Беш йил ичида Японияда қурбонлар сони 200 мингга етди. Япония ўта хароб аҳволга тушиб қолган эди.
Урушдан сўнг Японияда жуда катта ислоҳотлар амалга оширилди. Улар ўнгланишни қишлоқ хўжалигидан бошлади. 1946 йилда Японияда аграр ислоҳотлар амалга оширилди. Бунда асосий эътибор ерларни эгалик қилишга қаратилди. Ҳукумат помешчиклардан 5 миллион 800 минг гектар ерни сотиб олиб, майда деҳқонларга арзонга сота бошлади. Натижада ер ислоҳоти амалга оширилиб, деҳқонлар фойдасига ерлар қайта тақсимланди. Натижада, аҳоли ўзлари етиштирган маҳсулотга ўзлари эгалик қила бошлади. Шу йўл билан мулкдорлар синфи шаклланди. Бундай ер ислоҳоти ҳақиқий инқилоб сифатида баҳоланди. Шу тариқа мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги соҳаси жадал ривожланди, мамлакатда ўғит ишлаб чиқариш жадаллашди, ерга ишлов беришда техникага талаб ортди. Аҳоли эҳтиёжини қондириш учун иқтисодиётнинг ҳам эҳтиёжи ошиб борди.
Япония энди сиёсий жиҳатдан ўнгланиб, ўзининг қонуний йўналишини белгилаб олишга аҳд қилди ва 1947 йилда мамлакат парламенти янги Конституциясини қабул қилди. Ушбу ҳужжатга кўра, Японияда Конституцион монархия тузуми ўрнатилди. Император амалда реал ҳокимиятдан маҳрум этилиб, фақатгина миллатнинг бирлик рамзи сифатида сақлаб қолинди. Бош вазирни император тайинлайдиган бўлди. Аммо унинг номзодини парламент тасдиқлаши зарурлиги белгилаб қўйилди Шундай қилиб, ушбу кунчиқар мамлакатда конституциявий давлат шакллантирилди.
Энди барча ички ва ташқи имкониятлардан фойдаланган ҳолда Япония ўзининг тараққиётини таъминлашга киришди. Шу тариқа1953 йилда АҚШ-Япония ўртасида тузилган “Дўстлик, савдо ва денгиз кемалари қатнови тўғрисида”ги битим имзоланди. Мазкур ҳужжат иккала давлат фуқароларига бир-бирининг ҳудудида эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини берди. Бу иккала давлатга ҳам манфаатли бўлди. Чунки, америкалик магнатлар Япония бозорига ўз сармояларини олиб кира бошлади. Япония бунинг ҳисобига ривожланиш йўлига тушиб олди.
Япониянинг юксалиши ўз-ўзидан содир бўлиб қолмади. Мамлакатда саноатни тиклаш учун ҳам барча зарур чоралар кўрилди. Биринчи галда, АҚШ Япониядан уруш зарарларини қоплаш учун мағлуб давлатдан олинадиган товон пули олишни бекор қилди. Бу Япониянинг юксалишига зарур бўлган анча маблағнинг тежалишига олиб келди.
Иккинчидан, иш берувчи билан ходим ўртасида шартнома тузиладиган бўлди. Бунда иш берувчи корхона, ходимини то нафақага чиққунча иш билан таъминлаши, ходим эса шу йиллар мобайнида корхона учун сидқидилдан меҳнат қилиш мажбуриятини оладиган бўлди. Бу ҳолат иш берувчини ҳам, ишловчини ҳам бир-бирига садоқат билан хизмат қилиш руҳиятини яратишга асос бўлди.
Учинчидан, япон халқи хорижий мамлакатларнинг ютуқларини ўрганиб, ўз ҳаётига татбиқ этишга киришди. Бир қанча давлатлар билан дўстона алоқаларни ўрнатди, ҳарбий харажатларни камайтирди. Японияда бу харажатларнинг ҳиссаси йиллик ижтимоий маҳсулот қийматининг атиги бир фоизини ташкил этарди, холос. Бундай тадбирлар бутун капитал маблағининг жуда катта қисмини ишлаб чиқаришга йўналтиришга имкон берди.
Тўртинчидан, Японияда таълимга жуда катта аҳамият берилди. Хусусан, бошланғич синфларга токи олтинчи синфгача асосан "Ахлоқ томон йўл" дастури остида дарс ўтилди, бунда ўқувчилар асосий эътиборни ахлоқ ва кишилар билан муомалани чуқур ўрганишга қаратди. Бунинг натижасида япон халқи ўзаро мулоқотда ҳамиша бир-бири билан паст оҳангда, турли таъмаларсиз гаплашадиган одатга эга бўлди.
Бешинчидан, японлар бой бўлишига қарамасдан хизматкорлар меҳнатидан фойдаланмайди. Демак, мос равишда хизматкорлар ҳам бўлмаган. Мактабларда ҳам ўқувчилари устозлари билан бирга ҳар куни 25 дақиқа синфхоналарни тозалаш билан шуғулланган. Шу йўл билан болаларнинг бири қандайдир жиҳатидан устун, иккинчиси паст эмас, балки тенглик руҳиятини сингдириб борган.
Олтинчидан, Японияда интизом жуда кучли. Унга нисбатан маъмуриятнинг талабидан кўра ҳар бир ходимнинг талаби ҳам кучли. Масалан, поезднинг кечикиш ўлчами йилга ҳисоблаганда 7 сония. Кўриниб турибдики, Японияда вақт жуда қадрли. Шу тариқа Японияда интеллектуал салоҳиятли, билимдон, ўта маданиятли авлод шаклланган, халқ мамлакатнинг том маънодаги олтин фонди сифатида баҳоланади.
Еттинчидан, саноат корхоналаридаги жиҳозлар вақти-вақти билан алмаштирилиб турилади. Жумладан, саноат корхоналарида барча эскирган жиҳозлар 1950 йилда яна алмаштирилди. Бу ислоҳот 1960 йилда ўрта ва майда корхоналарга ҳам жорий этилиб, бу ерда ҳам модернизация қилинди. Яна бир муҳим жиҳати, Японияда табиий бойликлар кам. Шу туфайли хом ашё ва материалларни хориждан импорт қилиб олиб, улар қайта ишланиб, тайёр маҳсулот сифатида экспорт қилинади.
Саккизинчидан, Японияда иқтисодиётнинг ривожланишида асосий омиллардан бири кўптармоқли соҳаларнинг вужудга келиши бўлди. Буларнинг ҳаммаси капитални тез айлантиришга олиб келиш билан бирга тармоқларнинг ҳам кенгайиб боришига сабаб бўлди. Биргина кемасозлик корхоналари кейинчалик машинасозлик, кимё жиҳозлари, турбиналар ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мослаштирилди. Шу тариқа ишлаб чиқаришнинг ўзида ҳам тармоқлар муттасил кенгайиб борди.
Тўққизинчидан, мамлакатда энг муҳим саноат тармоқлари бўлган атом энергияси, оғир саноат, ракетасозлик ва бошқа соҳаларга капитал қўйиш мувофиқлаштирилди. Кўплаб саноат корхоналари янги жойларга давлат ҳисобидан кўчирилди. Бирида истеъмолчилар манфаатига мослаштирилган бўлса, яна бир йўналиши хом ашё ва материалларга яқинлаштирилди.
Ўнинчидан, бошқа ривожланган мамлакатлар билан иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйилиб, улардан илғор техника ва технологиялар тўғрисида лицензиялар сотиб олишдан жуда кенг фойдаланилди. Мамлакатнинг ўзида илмий-техник изланишларга жуда катта маблағлар йўналтирилди.
Ўн биринчидан, чиқиндилардан ҳам самарали фойдаланиб, бир соҳадан чиққан чиқиндини бошқа соҳага йўналтирилди. Кўплаб чиқиндини қайта ишловчи корхоналар барпо этилиб, жуда сифатли маҳсулотлар чиқариш имкониятлари ҳам қўлга киритилди. Бу соҳада ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотларнинг ҳам асосий қисми чет мамлакатларга экспорт қилинди.
Айрим олимлар таъкидлаганларидек, юқоридаги омиллар “Япония иқтисодиётининг гуркираб ривожланиши учун замин яратди. 1950 йилга келиб саноат ишлаб чиқариш урушдан олдинги даражага етди. 1951-1970 йилларда мамлакат иқтисодиётининг йиллик ўсиши ўртача 14,6 фоизни ташкил этди. 1960 йилга келиб Япония саноатининг йиллик ўсиши 20 фоизни ташкил қилди. Бундай ўсиш ҳали ҳеч бир давлатда кузатилмаган эди. Бу иқтисодий ривожланиш тарихда “Япон мўъжизаси” деб номланди. Шундай қилиб, Япония ўзининг қисқагина тарихида хонавайрон ҳолатдан гуркураб ривожланган мамлакатга айланди.
Бугунги кунда Япония роботлар ишлаб чиқариш ва фойдаланиш бўйича дунёда биринчи ўринда турибди. Автомобилларни ишлаб чиқариш бўйича иккинчи ўринда. Мазк ур мамлакатнинг жуда кўп қирралари борки, улардан бутун дунё ўрганиб ўзларига тадбиқ қилса арзийди. Агар бундай мувоффақиятларнинг замирига диққат билан қарайдиган бўлсак, япон халқининг ватанпарварлиги, интеллектуал салоҳиятининг юқорилиги, маънавиятининг юксаклиги эвазига коррупция элементларининг ожизлиги, деярли йўқлигини сабаб қилиб келтириш мумкин.
Ушбу муваффақият омилларини ўзимизда ҳам жорий қилиш мумкин. Бу албатта буйруқ ва бошқа маъмурий йўллар билан бўлмайди, бутун халқимиз ўзини дахлдор сифатида ҳис қилиб, шахсий масъулиятини оширсагина эришиш мумкин.
Мамаюнус Пардаев,
СамИСИ профессори, иқтисод фанлари доктори.
Озода Пардаева,
ТДИУ Самарқанд филиали кафедра мудири.