Токиода “Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” тарғибот компанияси ўтказилди
Японияда бўлиб ўтаётган Самарқанд кунлари доирасида ушбу мамлакатда хизмат сафарида бўлиб турган тадбиркорлар, ҳунармандлар, ишбилармонлар ҳамда маданият ходимларидан иборат вилоят делегацияси Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги элчихонасида “Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” тарғибот компаниясини ўтказди.
Тадбирда HIS Co Ltd, Hankyu travel, All Season Travel, Yomiuri Travel service каби Япониянинг туризм соҳасидаги етакчи компаниялар иштирок этди. Унда Самарқанд вилояти туризм салоҳияти, сайёҳлар учун яратилган ифратузилма объектлари ҳамда ўзбек халқининг бой тарихий-маданий мероси тўғрисида маълумотлар берилди.
Япония туризм соҳаси вакиллари билан хорижий сайёҳларни юртимизга жалб этиш, туризм соҳасида амалга оширилган ишлар ва яратилган имкониятлар ҳамда кейинги йилларда Самарқандда ташкил этилган янги туризм маҳсулотлари ташриф буюрувчиларга тақдим этилди.
Учрашув доирасида G2B, B2B форматидаги учрашувлар ташкил этилиб, тадбиркорлик субъектлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Тадбир сўнгида туризм соҳасига инвестиция киритиш истагида бўлган инвестортлар билан учрашувлар ўтказилди.