Тарихнинг ўқилмаган саҳифалари: Мардикорликка қарши қўзғолон нимадан келиб чиққанди?

Биринчи жаҳон уруши унда иштирок этаётган Россия империясини тобора ҳолдан тойдирмоқда эди. Ўн минглаб аскарлар жангда қурбон бўлдилар. Россия Олий Бош қўмондонлик штаби вазиятдан чиқиш учун ҳарбий вазирликдан «армия эҳтиёжлари учун салмоқли миқдорда куч ажратишни» талаб қилди. Бу кучни ҳарбий вазирлик мустамлакалардан тўплашни ўйлади. Натижада Россия императори Николай II 1916 йил 25 июнда Туркистон, Сибир ва Кавказдаги 19 ёшдан 43 ёшгача бўлган эркакларни фронт орқасидаги хизматлар учун сафарбар қилиш тўғрисида фармон чиқарди.

Туркистон генерал-губернаторига зудлик билан фармонни амалга ошириш буюрилиб, Сирдарё вилояти зиммасига 87 минг, Самарқандга 38 минг, Фарғона зиммасига 50 минг  киши  юбориш  мажбурияти  юкланди.  Ўлкада  сафарбар қилинувчиларнинг  рўйхатлари  тузила  бошланди. Шусиз ҳам уруш ва мустамлакачилик зулми остида эзилган халқ бундан қаттиқ норози бўлади. Петрограддан баъзи табақадагилар товон эвазига мардикорликдан озод қилиниши мумкинлиги тўғрисида қўшимча кўрсатмалар етиб келганидан кейин халқ норозилиги қўзғолонга айланиб кетади.

Ғалаёнлар Хўжанд шаҳрида бошланиб, кейин Самарқанд вилоятининг турли ҳудудларига, Тошкент, Фарғона водийси ва ниҳоят, Жиззахга етиб келиб, бутун Туркистонни қамраб олди.

Қўзғолон натижасида минглаб одамлар ҳибсга олиниб, уларнинг юздан ортиғи ўлимга маҳкум этилганлиги қўзғолоннинг кўлами қанчалик катта бўлганлигини кўрсатади.

Ушбу воқеаларга оид мухтасар тадқиқотлар ўзбекистонлик йирик олимлар Ҳ.Зиёев, Д.Зиёева ва бошқалар томонидан олиб борилган. Орадан шунча вақт ўтишига қарамай тарихимизнинг ушбу кунларига таалуқли янги манбаларга такрор ва такрор дуч келаверамиз.

Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси илмий архивида 1916 йилдаги мардикорликка олишга қарши ғалаёнлар гувоҳлари, Россиянинг совуқ ўлкаларига мардикорликка олиб кетилган ҳамюртларимиз, бевосита ушбу воқеалар иштирокчиларининг 1916-1917 йилдаги Туркистон ва Россия империясидаги воқеа-ҳодисалар, Петербургдаги 1917 йилги февраль инқилоби, октябрь тўнтаришлари ҳақидаги хотиралари сақланади. Ушбу эсдаликлар 1959 йилда ЎзФА Тарих ва археология институтининг катта илмий ходими профессор Х.Турсунов томонидан ўша вақтда ҳаёт бўлган қўзғолон қатнашчиларининг хотираларига таяниб ёзиб олинган. Орадан 3 йил ўтиб, 1962 йилда олим ўзи тўплаган хотиралар жамланмасини Самарқанд музейига тақдим этади.

Қайд этилган қўзғолон иштирокчиларининг 6 нафари Каттақўрғон тумани, 3 нафари Оқдарё тумани, 1 нафари Зомин тумани, 1 нафари Жиззах туманида истиқомат қилган бўлиб, ҳужжатларда улар яшаб турган манзилларнинг айни ватқдаги номланиши билан бирга 1916 йилда қўзғолон юз берган вақтдаги  номлари ҳам келтирилган.

ПЎЛАТОВ МАХМУД ХОТИРАЛАРИ

Яшаш манзили: 1916 йилда Каттақўрғон уезди, Пайшанба волости, Кадан гузари.

1959 йилда Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Гирди қўрғони, Фрунзе кўчаси 48-уй.

Ёши 66 да.

“Мен 1916 йилдан илгари етим эдим ва “сарой Пахтачи” деган Розиқбойда хизматкор бўлиб ишлардим. Даштда отамдан қолган 3 таноб еримиз бор эди. У ердан биз тўлиқ фойдалана олмас эдик.

Бизнинг волост бошлиғимиз Мулла Худойберди Розиқов деган катта ер эгаси бўлиб, унинг 50-60 таноб ери, тегирмони бор эди. Укалари ва бутун авлоди йирик савдогарлардан эди.

Бизнинг волост мирзойимиз Мирзо Содиқ деган киши эди. Бизнинг дўмимиз Рашид деган катта ер эгаси бўлиб, унинг 10-20 таноб ери бор, савдогарчилик билан шуғулланар эди.

Улар Самарқанд, Тошкент шаҳарларига қатнаб, ковуш ва маҳси билан савдогарчилик қилар эди. Қозимиз қози Абдужалилбой деган катта ер эгаси эди.

Ерли ҳокимлар ҳалқни хўрлаб, зулм остида эзар эди. Шу даврда мен ёш эдим. Бизнинг ҳозирги Ўзбекистонни Туркистон дер эдилар.

Худди шу вақтда Николай ҳукумати Германия билан 1914 йилдан бошлаб урушяпти деган гапларни биз эшитиб юрар эдик. Шу вақтларда Самарқанд губернатори (Никитов бўлса керак) келар эмиш, деган миш-миш гаплар тарқалди.

Шунда ерли ҳукумат бошлиқлари уни кутиш учун йўлларга сув сепиб, гиламлар солиб, домла, қози, сўфилар кутгани чиқишди. Шунда биз ҳам томоша қилгани чиқдик. Шундан кейин Николай мардикорликка одам олар эмиш, деган гап тарқалди. Сўнгра бизнинг қишлоқдаги халқни такяга (ҳозирги парк ўрнига) тўплаб “биз ҳар уч хонадондан бир кишини, икки-уч боласи бор кишининг битта боласини мардикорликка оламиз” деди. Бу гапга жавобан халқ қий-чув қилиб, тўполон кўтариб, “биз мардикорга одам бермаймиз, бизнинг болалар бормайди” деди.

Шундан кейин мингдан ортиқ халқ ғалаён қила бошлади. Шунда волостной ва мирзо қорилар секин қочиб кетдилар. Элликбошилар халқ орасига кириб, халқни тинчита бошлади. Халқ тинчимади, бизнинг қишлоқдаги ҳалқлардан кўпи камбағал ва ўрта деҳқонлар аҳволини билиш учун Каттақўрғон марказига кетдилар.

Бизнинг қишлоқ аҳолиси Каттақўрғонга борганда, у ерда катта ғалаён бўлганини кўришди. Улар ҳам мени билишимча қўзғолонга қўшилган эди. Қўзғолончиларга қарата ҳоким аскарлари ўқ ота бошлаганлар, шунда халқ тарқала бошлаган, деб эшитганман.

Лекин мен ўзим қўшилмаганман. Сўнгра бизнинг қишлоқда мардикорлик рўйхати тузила бошлади. Унда асосан камбағал қишлоқ болаларини, етимларни рўйхатга олганлар. Шулар орасида мен, Остон Турсунов, Шукур Парманов каби дўстларим бор эди.

Буни эшитиб, бизнинг қишлоқдаги кўп кишилар даштларга ва Хатирчига (Бухоро амирлиги ҳудуди) қочганлар. Бизни эса кўчалардан ушлаб келиб, мадраса ҳужрасига қамадилар. Бизни қўриқлаш учун бир неча киши келди. Шу мадраса хонасида 3 сутка ўтирдик. Сўнгра бизни араваларга солиб, қаровул қўйиб, Каттақўрғонга казармага олиб бориб туширди.

Биз у ерда уч кун турдик, сўнгра бизни поездга солди. Бизнинг Пайшанбадан 600 га яқин киши мардикорликка олинган эди. Биз билан эшелонга 1040 киши ортилди. Эшелон мингбошиси Халил Холиқов деган киши бўлиб, унинг мирзоси Жумабой деган киши эди.

Бизнинг эшелонда мен юзбошиларга тилмоч эдим, чунки мен бирозгина рус тилини билар эдим. Шунда бизни Тошкент орқали Москва томон олиб кетишди.

Бизни Пензага олиб бориб, ҳаммамизга кучли укол қилди, айрим одамлар уколга чидай олмай ўлиб ҳам кетди.

Сўнгра бизни “Старый Москва” деган ерга олиб бориб, туширди. Биз бориб тушган ер – Орехова Зуевадаги заводда ҳаммани Дрезмадаги завод, Шурова деган завод, Подольскдаги “Зингер” заводларига бўлиб юбориб, шу завод эгалари қўлига топширишди. Мени шунда Хасан ва Қиётли Йўлдош деган кишилар билан аввал Орехова Зуевадаги заводда ишлатиб, кейин Дрезнадаги фабрикага олиб кетишди.

Биз у ерда юк ташидик ва ҳар хил оғир ишларни қилдик. Бизнинг ярмимиз краска заводида торф ковлаб чиқарар эдик. Буларни билишимнинг сабаби шуки мен икки ёқда тилмоч эдим.

Биз шу ерда 9 ойларча ишладик. Бу ерга бизнинг заводга яқин ердаги Морозов заводидан Легче исмли бир рус киши келиб-кетиб юрар эди. Биз у билан дўстлашдик.

Кунларнинг бирида менинг тилмочлигимни билиб “завтра работать не надо” деди. Шунда биз ундан “нима учун ишга чиқмаймиз, нимани баҳона қиламиз?” деб сўрадик. Шу кунларда бизнинг нонимиз бирдан қора бўлиб қолган эди. Легче исмли рус “нонни қора бўлиб қолганлигини баҳона қилишингиз керак” деди.

Биз эртасига 104 киши иш ташладик. Завод катталари бизнинг олдимизга келиб дўқ қилишди, лекин биз ишга чиқмадик.

Шунда қуролли назоратчилар ҳам келиб бизни мажбур қилиб кўришди, бирибир чиқмадик. Бизнинг иш ташлашимиз 3 кун давом этди. 3 кундан кейин Москвадан 2 та рус чоллар келди. Улар биздан нима сабабдан иш ташлаганимизни сўради. Биз уларга гўшт емаслигимизни ва қора нонни баҳона қилдик.

Улар биздан ўз ерларингизда нима ер эдингиз деб сўради. Биз уларга ўзимизда сақланиб қолган майиз, ёнғоқ, ширмой нонларни кўрсатдик. Шундан сўнг завод раҳбарлари гўшт ва оқ ундан бўлган нон беришга қарор қилишди. Биз ишга чиқдик.

Орадан 10 кун ўтгач, бизнинг умумий жўрамиз Легче бир пакетни қўлимга тутқазиб, 30 тийин пул олиб кетди. Кетар олдидан пакетни ҳеч кимга кўрсатмаслигимизни тайинлади. Билсак унда 4 саҳифали китобча бор экан.

Унинг ичида “Долой Николай, свободный Россия” деган сўзлар кўп эди. Пакет ичида кичкина қизил байроқ расми бўлиб, унга ҳам “Свободный Россия” деб ёзилган экан.

Шундан икки кун кейин Дрезна, Зуева, Морозовдаги ҳамма ишчилар байроқ кўтариб, “Долой-долой” деган сўзларни айтиб кўчага чиқишди.

Улар кўчада кўринган ҳукумат амалдорларини ушлаб вагонга қамар эдилар. Шундан кейин биз Москвага келдик.

Москвада ҳам худди шундай ғалаёнлар бўлиб, одамлар байроқ кўтариб кўчада юрар эди. Шу даврда бизга овқат бермай қўйишди. Русларнинг бир “пропорщик” деган каттасини ушлаб олиб, биз мусулмонларга таом беришини ёки ортга-уйимизга юборишини талаб қилдик. Шунда бизни татарлар мадрасасига жойлаштиришди.

Орадан кўп ўтмай бизни юртимизга қайтариш учун комиссия тузилиб, қайтара бошлашди. Биз ҳамма мусулмонлар поездга чиқиб, Самарқанд томон кела бошладик. Биз келаётганда айрим руслар “ўз ерингизга борганда ўз ҳокимларингизга қарши курашиб, рабочий организация тузинглар, халқни ўзингизга қаратинглар” деди.

Биз келгандан кейин бизни мардикорликка олиб бориб келган минг боши Халил Холиқовни “рабочий организация”га бошлиқ қилиб сайладик. Ҳозирги больница ўрнига идора қилдик. Шунда бойлар бизга қарши чиқди. Шунда эски волостной ва пристунлар қочиб кетди”.

16 апрель 1959 йил.

(Давоми бор)

 нашрга тайёрловчи: Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи Маҳмудхон Юнусов.