ТАТУ Самарқанд филиали талабалари орасида коронавирус тарқалгани ростми? Вазирлик изоҳ берди

Телеграмдаги айрим каналларда баъзи олий таълим муассасалари (Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат шарқшунослик, Фарғона политехника институти, ТАТУ Самарқанд филиали) талабалари орасида коронавирус аниқлангани ҳамда факультет ва ётоқхона қаватлари дезинфекция учун ёпилгани тўғрисида хабарлар тарқалмоқда.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати бу каби хабарлар асоссиз эканини маълум қилди.

Қайд этилишича, хабарда кўрсатилган олий таълим муассасалари талабалари орасида айни кунларда коронавирус инфекцияси аниқланмаган ва бирорта ҳам талабалар турар жойи биноси ёпилмаган.

"Ҳақиқатан ҳам, ахборотни биринчи бўлиб оммага тезкор етказиш давр талаби. Лекин ҳар қандай хабарни эмас, балки текширилган, асосланган маълумотларни эълон қилиш – энг муҳим жиҳат ва журналистиканинг “олтин қоида”си эканини эслатиб ўтамиз!

Шунинг учун хабарларни тарқатишдан аввал бироз сабр қилиб, аниқлик киритиб, кейин эълон қилиш, жуда ҳам зарур бўлмаса, бу турдаги совуқ хабарларни оммалаштиришдан тийилиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Чунки, нотўғри талқин қилинган, ҳали тўлиқ аниқлик киритилмаган, шошилинч тарзда тарқатилган кичик бир хабар минглаб ёки миллионлаб инсонларда хавотир уйғотиши табиий. Нафақат хавотир уйғотади, балки шу касаллик ўзида бор ёки йўқлиги ҳақида шубҳа-гумонга бориб, қўшимча касалликлар орттириб олишига сабабчи бўлиши мумкин.

Шу билан бирга асоссиз ва ёлғон ахборотни тарқатганлик учун Ўзбекистон Республикаси қонунларида маъмурий ва жиноий жавобгарлик нормалари белгиланганини унутманг!

Қолаверса, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда олий таълим муассасалари бу каби (касаллик аниқланиши) ҳолатлар жиддий тус олиб, кенг тарқала бошласа, уларни яширишдан манфаатдор эмас", дейилган вазирлик хабарида.v