Телефон ўғирлаётган шахс жиноят устида ушланди

Жорий йилнинг 8 апрелидан 9 апрелга ўтар кечаси Қашқадарё вилояти, Чироқчи тумани марказида об-ҳаво ноқулайлиги сабабли техник носозлик юзага келиб, истеъмолчилар вақтинча электр таъминотидан узилган. Вазиятдан келиб чиқиб ҳудудда Миллий гвардиянинг қўриқлаш бошқармаси ходимлари қўриқловдаги объектларнинг назоратини янада кучайтирган.

Миллий гвардия матбуот хизматининг хабар беришича, йўналиш бўйлаб ҳаракатланаётган тезкор гуруҳ ходимлари тонги соат 4:00 лар чамаси қўриқловда бўлган Чироқчи тумани, Мустақиллик кўчасида жойлашган “MEGAGOLD-TECH” МЧЖга қарашли “канцтовар” дўкони кириш эшигининг қулфи бузиш йўли билан очилганлигини аниқлаган. Ноқонуний равишда магазинга кириб, ўғирлик қилган номаълум шахс дўкондан чиқиб кетмоқчи бўлиб турган вақтда, воқеа жойида ашёвий далиллар (2 100 000 сўм ва SАMSUNG A-10 русумли уяли телефон аппарати) билан қўлга олинган.

Айни вақтда ушланган шахс Чироқчи тумани ички ишлар бўлимига ўрнатилган тартибда топширилган ва ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.