Телефон - хатарли овунчоқ(ми?)

Кўчада қўшни Қосим ака билан суҳбатлашиб тургандик. Маст кишидай гоҳ тўтаб, гоҳ суриниб, чайқалиб келаётган 7-8-синфларда ўқийдиган ўқувчи бола кўринди.
- Тоби йўққа ўхшайди, кимнинг ўғли экан? – Қосим ака қошларини чимириб, ўқувчи томонга тикилди.
- Мен ҳам танимайроқ турибман, - дедим келаётган ўқувчи томонга қараб.
Бироздан сўнг ўқувчи яқинлашиб ёнимиздан ўта бошлади. Ҳозир салом берса керак, деган хаёлда сергакландик. Аммо у бизни пайқамади ҳам, қўлида телефон, қулоғида телефон қулоқчини. Бутун дунёни унутиб, бор вужуди билан қўлидаги матоҳга тикилган.
- Бечора бола, бу аҳволда савдойи бўлиб қоладику, - деди Қосим ака ачиниб. – У мактабдан нимани ўрганиб қайтаяпти экан?
Ўйланиб қолдим. Фарзандларимиз айни ўқиб, таълим-тарбия оладиган пайтида ўқишдан совутиб, ҳаётига бефарқ, хаёлпараст қилиб, мавҳум оламга етаклаб кетадиган телефон уларга ҳозирча керакмикан?
Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.