Темирйўл транспортида йўловчиларга қулайлик яратиш масалалари муҳокама этилди

Самарқанд шаҳрида МДҲ йўловчи ташиш хўжалиги комиссиясининг 31-йиғилиши ўз ишини бошлади.

Унда МДҲ темирйўл транспорти кенгаши дирекцияси, ҳамдўстлик мамлакатларининг темирйўл транспортида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотлари масъуллари иштирок этди.

МДҲ темирйўл транспорти кенгаши дирекцияси раиси ўринбосари Олег Никитин, “Ўзтемирйўлйўловчи” акциядорлик жамияти директори Шарофиддин Қодиров йўловчи ташиш хўжалиги комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ва мазкур тадбир доирасида ўтказиладиган конференциянинг аҳамияти, бугунги кунда ҳамдўстлик мамлакатларида ички ва халқаро йўловчи ташиш борасида эришилаётган натижалар ҳамда келгусидаги вазифалар тўғрисида сўз юритдилар.

– Пандемия даврида бутун дунёда, жумладан, МДҲ доирасида ҳам темирйўлда йўловчи ташишда узилишлар кузатилди, кўплаб муаммолар юзага келди, – дейди Олег Никитин. – Мана энди тизим секин-аста изга тушмоқда. Шу билан бирга бугунги тараққиёт, замонавий ахборот технологияларининг ривожланиб бораётгани йўловчиларга юқори сифатли хизмат кўрсатишни тақозо этмоқда. Ана шундай шароитда биз халқаро йўловчи ташишда бир-биримиздан илғор тажрибаларни ўрганишимиз, тизимни рақамлаштиришни жараёнларини тезлаштиришимиз ва бу борада яқин ҳамкорликда ишлашимиз лозим. Мазкур йўналишда Ўзбекистонда бошқалар ўрганса бўладиган яхши тажриба тўпланган. 31-йиғилишимиз айнан шу масалаларга қаратилган.
Таъкидлаш лозимки, шу пайтгача МДҲ ва Болтиқ бўйи мамлакатларида темирйўл йўловчиларига халқаро йўналишларда чипта сотиш, жойларни банд қилиш билан боғлиқ жараёнлар “Экспресс-1”, “Экспресс-2” ва “Экспресс-3” электрон тизимлари орқали амалга ошириб келинган. Айни пайтда фойдаланилаётган “Экспресс-3” тизимини ҳам такомиллаштириш эҳтиёжи туғилмоқда.
– “Экспресс-3” тизимининг хизмат қилиш даври тугаб боряпти – дейди Россия темирйўл транспорти илмий-тадқиқот институти ҳузуридаги “Экспресс” илмий маркази директори Андрей Комиссаров. – Биз ҳаммамизга маъқул бўлган “Express International”нинг янги авлодни ишга туширмоқчимиз. Бу тизим замонавий бўлиб, йўловчиларга тезкор чипта сотиш, МДҲ ҳудудидаги қатновлар тўғрисида кўпроқ маълумот беришда муҳим аҳамият касб этади. Бу тизим Россияда ишлаяпти, ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз ҳам бизни қўллаб-қувватламоқда. Яқин орада МДҲ давлатларида бу замонавий тизим йўлга қўйилса, йўловчилар учун янада кўпроқ қулайликлар яратилади.

Уч кун давом этадиган комиссия йиғилиши ва конференцияда “Express International” йўловчи поездларнинг халқаро интеграцион тизимини яратиш ва унинг доирасидаги вазифаларини амалга ошириш, 2023 йилнинг ўтган даврида халқаро йўловчи ташиш бўйича олиб борилган ишлар ва Кенгаш ишчи органларининг олдиндан тайёрланган ҳужжатлари, қарорлари, мурожаатлари лойиҳалари кўриб чиқилади.

– Комиссиянинг навбатдаги йиғилишида МДҲ давлатлари темирйўл транспорти йўловчи хўжаликлари олдида турган вазифалар, чипта сотиш тизимини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилмоқда, – дейди “Ўзтемирйўлйўловчи” акциядорлик жамияти тижоратни ривожлантириш бўлими бошлиғи Ворис Сатторов. – Бунда миллий экспресс тизимини яратиш орқали МДҲ давлатларида мавжуд экспрес тизимига интеграциялаш ва уни янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, соҳани рақамлаштириш натижасида йўловчиларнинг чипталарни электрон тарзда сотиб олиш имкониятлари ошмоқда. Бизда бугунги кунда электрон тарзда чипта харид қилиш 43 фоизга етди ва яқин йилларда бу кўрсаткич яна ҳам оширилади. Конференцияда ҳамдўстлик давлатларидаги ҳамкасбларимиз билан бу борада фикр алмашиб оламиз.

Тадбир якунлари бўйича халқаро ва ички қатновли поездлар учун МДҲ ҳудудида электрон саёҳат ҳужжатларини амалга оширишни ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича чора-тадбирлар кўриладиган баённома имзоланади.

Шунингдек, МДҲ ва Болтиқ бўйи давлатларининг темир йўл маъмуриятлари ўртасида халқаро йўловчи ташиш соҳасидаги ҳамкорлик, йўловчи ташиш хўжаликлари олдида турган долзарб масалалар кўриб чиқилади.