Терсакликлар қачон “Uzreport” ва “Milliy” телеканалини томоша қилиш имкониятига эга бўлади?
«Зарафшон» газетаси таҳририятига Ургут тумани Терсак маҳалласида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролардан шикоят хати келди. Унда ушбу маҳалла туманнинг тоғли қисми - Тахтақорача довонида жойлашгани, 2017 йилда ҳудудга 18 та телеканалга мўлжалланган телеузаткич қурилгани, ҳозирда 12 та телеканал кўрсатувлари намойиш этилаётгани ёзилган.
“Бизга “Zo’rTV”, “Uzreport”, “Mening yurtim”, “MilliyTV”, “Sevimli”, “Futbol TV” телеканалларини ҳам кўришимиз учун ўрнатилган телеузаткич имкониятларини кенгайтирилишида кўмак беришингизни сўраймиз”, дейди хат сўнгида терсаклик фуқаролар.
Биз ушбу шикоят хатига жавоб бериш ва муаммога ечим топишни сўраб, республика “Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази” давлат унитар корхонаси Самарқанд радиотелеузатиш марказига мурожаат қилдик ва қуйидаги жавоб хатини олдик:
“Хатда ёзилган телеканаллар - “Zo’rTV”, “Uzreport”, “Mening yurtim”, “MilliyTV”, “Sevimli”, “Futbol TV” мамлакатимиздаги мавжуд тижорий телеканаллар ҳисобланади. Бундай тартибда фаолият юритаётган телерадиоканалларни сунъий йўлдошга чиқариш эса марказимиз ваколатига кирмайди.
Ушбу масала юзасидан тижорат каналлари таъсисчиларига мурожаат қилиш лозим. Ҳужжатлар расмийлаштирилгандан сўнг республика “Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази” давлат унитар корхонаси томонидан телерадиоканалларни сунъий йўлдошга чиқариш амалга оширилади.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, бизнинг мрказимизга қарашли мавжуд барча узаткичлар орқали, шунингдек, Терсак қишлоғидаги “Узунсой” кам қувватли станциясида ўрнатилган рақамли телеузаткичдан тижорат теледастурларини эфирга тарқатиш учун техник имконият мавжуд. Ҳозирда сунъий йўлдош алоқа тизимида Ўзбекистоннинг 12 та давлат теледастури ва 4 та радиоэшиттириш эфирга узатилмоқда.
Ф.РОЗИҚОВ,
“Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази” ДУК Самарқанд радиотелеузатиш маркази директори.