Тестда шаффофлик қандай таъминланади?

Кеча олий таълим муассасаларига онлайн ҳужжат топшириш якунланди. Демак, навбат тест жараёнларига. Кейинги йилларда ОТМларга кириш имтиҳони очиқ майдонларда бўлиб ўтмоқда. Имтиҳонларнинг шаффоф ўтиши учун бу жойларда зарур шарт-шароитлар яратиляпти. Хўш, бу йилги тест синовлари жараёнларига қандай тайёргарлик кўрилди? Шу ва бошқа саволлар билан Давлат тест маркази вилоят бўлими бошлиғи Воҳид Сирлибоевга мурожаат қилдик. 

- Тест синовларининг шаффоф ўтиши учун имтиҳон жараёнида қандай чоралар қўлланилади?

-   Бугунги кунда олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларини ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари кетмоқда. Ўтган йиллар тажрибасидан маълумки, тест синовлари шаффоф ва адолатлилик асосида ўтказилмоқда. Жараённи бутун мамлакат бўйлаб тўғридан-тўғри кузатиш имконияти яратилган.

Бунинг учун тест синовлари ўтказиладиган жойлар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан шахсни идентификациялаш воситалари (видеофиксация ва бармоқ изларини текширувчи воситалар) видеокузатув, мобил алоқа тўлқинини тўсувчи қурилмалар билан таъминланиши ҳамда вазирлик тест синовлари жараёни бўйича видео ёзувларини тест синовлари ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказига топшириши юклатилган. Ушбу талаблар билан биргаликда шаффофликни таъминлаш мақсадида ҳар бир гуруҳ учун видеокузатув, онлайн трансляция учун қўшимча видеокузатув камералари ҳамда 360°да тасвирга оладиган камералар ўрнатилади.

- Ўтган йили Самарқандда қанча абитуриент бировнинг ўрнига киришга уринганди? Бу йил ўринга ўрин киришга уринганлар қандай аниқланади?

-   Ўтган ўқув йили учун тест синовлари жараёнида бошқа абитуриентнинг ўрнига киришга уриниш ҳолатлари 5 маротаба содир этилган. Абитуриентлар тўлиқ шахсни идентификациялаш воситалари орқали ўтказилиб, мабодо шахси тасдиқланмаса, паспорт столи масъул ходимлари томонидан бармоқ излари орқали шахсига аниқлик киритилиши таъминланади.

- Ҳозирги техника тараққиёти авж олган пайтда абитуриентлар кўз илғамас чип ва шунга ўхшаш воситалар билан тест синовларига киришга уриниши ҳолатлари кузатилмоқда. Текширув жараёнида бундай буюмлар қандай аниқланади?

- Тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга киришда абитуриентлар шахсни идентификациялаш йўлагигача бўлган оралиқда, махсус кабиналарда ИИБ ҳамда Миллий гвардия ходимлари томонидан телефон, чип ва шунга ўхшаш қурилмаларни ўзлари билан олиб келганлиги текширилади. Мабодо текшириш жараёнида ҳам аниқланмаса, тест синовлари пайтида ДТМ вакиллари томонидан махсус дастурлар ёрдамида чип қурилмалари мавжудлиги текширилади ҳамда назоратчилар томонидан абитуриентнинг шубҳали ҳаракатлари кузатилганда, махсус хонада ИИБ тергов гуруҳи масъули томонидан текширувдан ўтказилади.

- Ўтган йили ўзини ногирон деб кўрсатган баъзи соғлом талабалар имтиёз орқали ўқишга киришга уринганди. Айтинг-чи, ўша қаллоб абитуриентларнинг тақдири нима бўлди?

- Ногиронлиги бўлган абитуриентларнинг ногиронлик бўйича маълумотлари Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекциясининг базаси – “ТМEК” дастуридан реал вақт режимида олинади. Лекин ногиронлиги бўлган айрим абитуриентларнинг маълумотлари “ТМEК” дастуридан реал вақт режимида келмаётгани сабабли my.dtm.uz сайтида ногиронлик бўйича имтиёз маълумотларини киритиш имконияти яратилган.

Ўтган йилги онлайн рўйхатдан ўтишда ўзини ногирон деб кўрсатиб, имтиёз асосида ўқишга тавсия қилинган ҳолатлар ҳам бўлди. Самарқанд вилоятида 20 нафар ногиронлиги бўлмаган шахсларнинг маълумотлари базада ногирон деб кўрсатилиши кузатилган. Бу ҳақда вилоят тиббий-ижтимоий экспертиза инспекциясига ёзма мурожаат қилинган. Талабаликка тавсия этилган абитуриентлар ҳужжатни тақдим қила олмаганлиги сабабли ўқишдан четлаштирилган.

- Тест синовига абитуриентлар ўзлари билан қандай ҳужжатларни олиб келиши керак?

-   Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 апрелдаги 261-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомда абитуриент тест синовлари ўтказиладиган куни тегишли ҳудудга тест бошланишидан бир соат олдин фақат абитуриент рухсатномаси ва паспорти (у бўлмаган ҳолда, шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат) билан етиб келиши белгилаб қўйилган. 

- Абитуриентларга рўйхатдан ўтишда танлов устуворлигини белгилашга имкон берилмоқда, яъни абитуриент “Давлат гранти” ёки “Давлат гранти ва тўлов-контракт” деган устундан бирини танлаши керак. Танлов устуворлиги ўтган йили жорий этилган бўлиб, баъзи абитуриентлар тушунмасдан белгилаган ҳолатлар ҳам кузатилганди. Шу ҳақда батафсил тушунтирсангиз.

- Абитуриентларга онлайн рўйхатдан ўтиш вақтида 5 тагача таълим йўналиши билан бирга танлов устуворлигини ҳам танлаш имконияти яратилган. Бунда абитуриент устуворлик сифатида:

Давлат грантини танласа - танлаган барча таълим йўналишларида дастлаб давлат гранти асосида, сўнгра тўлов-контракт асосида;

Давлат гранти ва тўлов-контрактни танласа - ҳар бир таълим йўналишида давлат гранти ва тўлов-контракт асосида кетма-кет танловда иштирок этади.

Бунда танлов абитуриент танлаган таълим йўналишларининг қатъий кетма-кетлиги бўйича у танлаган устуворлик (“Давлат гранти” ёки “Давлат гранти ва тўлов-контракт”) асосида амалга оширилади.

Шунинг учун абитуриентлардан устуворликни белгилашда эътиборли бўлишларини сўраймиз.

- Бу йил абитуриентлар бешта олий таълим муассасасини белгилаётганида кундузги, сиртқи, кечки ва масофавий таълим шаклларини аралаш белгилаши мумкинми?

-   Жорий йилги тест синовларида ҳам бештагача таълим йўналишини танлаш имконияти мавжуд. Бешта йўналиш дегани, бешта олий таълим муассасаси дегани эмас. Яъни, абитуриент бешта университет ёки институтни танлаши шарт эмас. Битта ОТМнинг бешта йўналишини танлаши ҳам мумкин. Бешта йўналиш танлаётганда энг асосий битта шарт бор: мутахассислик блокидаги фанлар кетма-кетлиги мос келиши керак.

Фанлар кетма-кетлиги мос бўлсин деганда, 3,1 ва 2,1 балл бериладиган иккита фан тўғри кетма-кетликда жойлашиши керак.

Жорий йилдан таълим шакли бир хил бўлиши шарт эмас. Яъни, энди абитуриент бир пайтнинг ўзида сиртқи, кундузги, кечки ва масофавий таълимни танлаш мумкин.

- Имтиёзга эга бўлган абитуриентлар танлаган бешта йўналишнинг барчасига имтиёз асосида ўқишга қабул қилинадими?

- Бугунги кунда кўпчилик томонидан шу савол берилмоқда. Маълумки, айрим тоифа абитуриентлар учун умумий квотадан ташқари алоҳида квотага танлов бўлади. Масалан, ҳарбий тавсиянома олганлар, ҳарбийлар, ИИВ Миллий гвардия, божхона тизими ходимларининг фарзандлари, тавсиянома олган эҳтиёжманд хотин-қизлар, сўхлик абитуриентлар, ногиронлиги бор ёки Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ва ҳоказо.

Давлат комиссиясининг 1-сон баёни билан ОТМга ўқишга кириш учун қўшимча қабул параметрлари ажратиладиган имтиёзга эга бўлган абитуриентлар имтиёз доирасида фақат ўзлари танлаган биринчи бакалавриат таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этиши белгиланди. Фақат ногиронлиги бўлган шахслар ва ота-она қарамоғисиз қолган болалар учун бериладиган имтиёз бундан мустасно. Яъни, мазкур имтиёзлар бешта таълим йўналиши учун ҳам ўринли.

Хуршида Эрназарова суҳбатлашди.