Тиббий ниқоблардан нотўғри фойдаланиш касалликни юқтиришга сабаб бўлади

Самарқанд вилояти “Матбуот уйи”да ўтказилган матбуот анжуманида Самарқанд давлат тиббиёт институти ректори, профессор Жасур Ризаев шу ҳақда маълумот берди.

 - Бугунги вазиятда халқимиздан бир нарсани, ваҳимага тушмасликни илтимос қилардик, - дейди Ж.Ризаев. - Ўзига ўзи муолажа қилаётганлар ҳам орамизда афсуски кўп. Шунингдек, аҳоли орасида шахсий ҳимоя воситаларидан нотўғри фойдаланиш ҳолатларига ҳам дуч келяпмиз. Биргина тиббий ниқобни олайлик. Аксарият одамлар уларни иягига тақиб оляпти. Одамлар, аввало, тиббий ниқобларни ўзи учун, саломатлиги учун тақиши лозимлигини англаб етиши лозим. Ниқобни тақишнинг ҳам қонун-қоидаси бор. Биз нима қилаяпмиз. Ниқобни ечиб, буклаб чўнтагимизга соляпмиз, эртаси куни олиб бошқа томонини тақаётган ҳолатлар ҳам учраяпти. Бундай ҳолатларда ниқобнинг фойдасидан кўра зарари кўпроқ бўлади. Ниқобларни иягимизга тушириб, уни ифлослантирамиз. Аслида ниқобни секин қўлимизга олиб, силкитмасдан утилизацияга ташлашимиз лозим. Агар уни силкитсак ташқи юзасидаги вирус атрофга сачрайди. Бу нафақат бизга, балки ён-атрофимиздагиларга ҳам зарарлидир.

Эътиборлиси, бугун Самарқанд давлат тиббиёт институтида бевосита касалликни даволаш, пандемияда даврида аҳолига тўғри тиббий маслаҳат бериш мақсадида 2000 га яқин мутахассислар, 229 та тор соҳа мутахассисилари қайта тайёрланди. Захира кадрларни тайёрлаш учун 72 соатлик ўқув курслари ташкил этилган. Вилоят ҳамшираларни қайта тайёрлаш марказида СамДТИ билан ҳамкорликда 900 нафар ҳамширалар тайёрланаяпти.