Тил - миллат кўзгуси. Уни асраш, ривожлантириш миллатнинг юксалиши ҳам демакдир
Президентимиз Ш.Мирзиеёвнинг ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида 1989 йил 21 октябрь куни –“Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган санага алоҳида тўхталиб, “Ўзбек тили давлат тили сифатида халқимизни бирлаштирадиган, жамиятимизни улуғ мақсадлар сари сафарбар этадиган қудратли куч бўлиб майдонга чиқди. Айни вақтда у Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги сари қўйилган биринчи дадил қадам эди” деб таъкидлаган эди.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи ҳам ошиб бормоқда. Фикримизча, қайсики миллат ўз она тилига нисбатан ҳурмат туйғусини туймаса, бу миллатнинг келажаги ҳам юксакликка юз тутиши даргумон.
Ватанни севиш ва она тилимизни ҳурмат қилиш, миллатнинг ўзлигини белгиловчи, бир-биридан айро тасаввур этиб бўлмайдиган тушунчалардир. Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, тилимизнинг софлигини сақлаш, ушбу бебаҳо бойлигимизни келажак авлодга мерос қолдириш йўлида амалга оширилаётган ижобий саъй-ҳаракатлар билан бир қаторда айрим муаммолар ҳам борки, бизни хавотирга солиб, муаммо ечими борасида бош қотиришга мажбур қилади.
Кундалик турмушимизда, иш жойида, оила даврасида, турли даражадаги тадбирларда ўзбек тилида сўзлашар эканмиз, ўзимиз билиб- билмаган ҳолда ёки урфга айлангани сабаб айрим тилимизга ёт сўзларни, жумлаларни рус ёки бошқа хорижий тилларда қўшиб гапирамиз. Хусусан, пойтахт кўчаларида юрган вақтимизда ҳам савдо дўконлари пештоқига илиб қўйилган турли хорижий тилларда ёзилган пешлавҳалар ёки имловий хатолар билан тўлиб тошган эълонларни кўриб таъбимиз хира бўлади.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади? “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президенти фармонининг биринчи қисм, 1-банди, “а” кичик бандининг охирги хатбошисида белгиланган талаблар, яъни давлат тилининг софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва аҳолининг нутқ маданиятини ошириш ҳамда давлат тилининг замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларига фаол интеграциялашувини таъминлаш билан боғлиқ бандлари қай даражада ижро қилинмоқда?
Қачонки, ўзбек миллати вакили бўла туриб, ўз она тилимизда соф ва равон сўзлаша олмас, ёш авлодни она тилимизга ҳурмат руҳида тарбияламас эканмиз, тилимизга ёт унсурлар, сўзлар кириб келишда давом этаверади.
Мазкур Қонуннинг 7-моддаси 1-бандида белгиланган қоидаларга кўра, давлат тили расмий амал қиладиган доираларда ўзбек адабий тилининг амалдаги илмий қоидалари ва нормаларига риоя этилиши лозимлигини қайд этади.
Агар, ўзаро муомала воситаси сифатида норасмий сўзлашувлар билан боғлиқ ижтимоий муносабатлар Қонун нормалари билан тартибга солинмас экан, унда она тилимиз софлигини, жозибадорлигини қандай асраб қоламиз? Фикримизча, тилимизнинг софлигини сақлашга, халқимизни она тилимизда сўзлашишига қонун йўли билан мажбурлаш воситасида эмас, балки маънавий тарбия, таъсирчан тарғибот механизмлари билан рағбатлантириш орқали эришиш мумкин.
“Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президенти фармонининг 1-иловаси билан тасдиқланган 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш Концепциясининг ўзбек тилини узоқ муддатли ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири сифатида қуйидаги мақсадли вазифаларга эришишни назарда тутади:
- ўзбек тилининг мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини ошириш;
- ўзбек тили таълимини такомиллаштириш, ёшларни миллий ҳамда умуминсоний анъана, қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой маънавий меросидан ғурурланиш ва уларни янада бойитиш руҳида тарбиялаш;
- жамиятда ўзбек тилига (давлат тилига) ҳурмат-эътибор ва меҳр-муҳаббат муҳитини шакллантириш;
- мамлакатимизда ҳар бир фуқаронинг давлат тилини билишига ва буни бурч ва мажбурият сифатида ҳис этишига эришиш.
Бунда, аввало, мамлакатимиз келажаги ёш авлоднинг маънавий юксаклиги билан чамбарчас боғлиқлигини эътироф этган ҳолда мактабгача таълим босқичидаёқ фарзандларимизга ўзбек адабий тили имло қоидаларини ўргатиш мақсадга мувофиқ.
Бироқ, кейинги вақтларда мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларига хорижий тилларни ўргатиш борасида турли-туман услубий қўлланмалар ишлаб чиқилаётган бир вақтда, соф ўзбек абадий тилида сўзлашишни уларнинг онгига сингдириш борасида ишлар эътибордан четда қолмоқда.
Шу ўринда Президентимизнинг юқорида қайд этиб ўтилган маърузаларида “Мен бугун азиз болаларимизга мурожаат қилиб, улуғ аллома, ХХ аср бошида олти тилли - ўзбек, араб, форс, ҳинд, турк ва рус тилларида луғат тузган Исҳоқхон Ибратнинг мана шу ҳикматли сўзларини эслатмоқчиман: “Бизнинг ёшлар албатта бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат - бу ватаний ишдир”
Шундай экан, ўз она тилида сўзлашишдан ғурур туйғусини туймаган авлод, ватанини ҳам шу даражада қадрлаши ва ўзининг шу эл вакили эканлигидан фахрланиши амримаҳол.
Шу ўринда, адабий тил софлигини, унга турли ёт унсурлар аралашмаслигини сақлаш, нутқ маданиятини ошириш борасида оммавий ахборот воситаларининг таъсир кучи ҳам юқорилигини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз. Халқ ичига чуқур кириб борган оммавий ахборот воситалари, хусусан, нодавлат телерадиоканаллари орқали эфирга узатилаётган кўрсатувлар, кино ва сериаллар, ҳаттоки айрим янгиликлар дастурларида ҳам соф адабий тилда эмас, балки турли маҳаллий тил лаҳжаларида гапириш, жамоатчиликнинг ҳақли эътирози, ижтимоий тармоқларда эса мунозараларга сабаб бўлмоқда. Келажакда бу каби салбий ҳолатларни бартараф этишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.
Гулнора Худойбердиева,
Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси доценти.
Д.Қандаҳорова,
катта ўқитувчи.