Тилшунос оиласида камол топган олима

Тилшуносликда шахсий намуна ва илмий интилишларнинг ўрни беқиёс. Ўзбек тилшунослигида матн тилшунослиги бўйича янги йўналишларни шакллантираётган, илмий мактаб яратиш йўлида меҳнат қилаётган олима, филология фанлари доктори, профессор Шахноза Турниязова соҳанинг ана шундай вакилларидан бири саналади. У киши ўзининг илмий изланишлари ва ўзига хос ёндашувлари билан Самарқанд давлат чет тиллар институтида ўзбек тилшунослигига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Шахноза Неъматовнада илмга чанқоқлик отаси, таниқли тилшунос олим, филология фанлари доктори, профессор, ўзбек дериватологияси мактаби асосчиси Неъмат Қаюмович Турниёзовдан юққани табиий. Чунки у болалигидан тилшунос олимлар даврасида, илм ва маърифат руҳида тарбия топди. Самарқанд давлат университети филология факультетининг лингвистика-ўзбек тили йўналишида таҳсил олди.
Олийгоҳни битиргач, тилшуносликнинг чуқур назарий масалаларини ўрганишга бел боғлади. “Ҳозирги ўзбек тилида матн шаклланишининг деривацион хусусиятлари” мавзусида номзодлик, кейинчалик “Матн деривациясида лексик воситаларнинг ўрни” мавзусида докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.
Бугун профессор илмий даражасига эришган олима Самарқанд давлат чет тиллар институтининг ўзбек тили, журналистика ва компютер лингвистикаси кафедрасида фаолият юритмоқда. Педагогик жамоа етакчиси, талабаларнинг меҳрибон ва талабчан устози сифатида “Ҳозирги ўзбек адабий тили”, “Тиллар типологияси”, “Туркий филологияга кириш”, “Умумий тилшунослик” фанларидан ўзбек ва рус гуруҳларига маърузалар ўқийди. Ҳар бир маърузаси талабаларни илмий изланиш ва мустақил фикрлашга ундамоқда. 20 нафарга яқин докторант ва таянч докторантларнинг изланишларига илмий раҳбарлик қиляпти.
- Устоз бизни тинимсиз изланишга даъват этади, - дейди институт таянч докторанти Ҳилола Эгамбердиева. – Илм аввало, соҳага муҳаббатни, сабр-тоқатни талаб этишини таъкидлайди. Муҳими, у кишидан сабоқ олган талаба илмга бефарқ бўлолмайди. Чунки домла ҳар бир шогирдининг илмий мавзуларига синчковлик билан ёндашади. Эришган муваффақиятларимизни кўриб, дилдан қувонади.
Ш.Турниязованинг илмий изланишлари, хусусан, матн тилшунослиги ва ўзбек тили деривациясига бағишланган тадқиқотлари - “Лингвистик назариялар”, “Ўзбек тилининг соҳада қўлланилиши” номли услубий қўлланмалари, “Матн деривациясида лексик ва морфологик воситалар” ҳамда “Ўзбек тили деривацион синтаксисига кириш” каби монографиялари соҳада янги назарий ёндашувларнинг ривожланишига хизмат қилмоқда.
Домланинг 100 дан ортиқ илмий мақолалари республика ва хорижнинг нуфузли илмий журналларида чоп этилди. Халқаро ва республика илмий конференсияларидаги маърузалари тилшуносликнинг долзарб масалаларига ечим бўлаётир. Олиманинг мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда ишлаши ҳам алоҳида эътиборга молик.
Рустам САМАНДАРОВ.