Тинчлик учун курашганлар ҳамиша ардоғимизда

Мамлакатимизда Хотира ва қадрлаш куни, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги нишонланмоқда.

Ушбу сана коронавирус пандемияси туфайли шаҳар ва қишлоқларимизда кенг халқ оммаси иштирокида нишонланмаётган бўлса-да, ҳар бир хонадон, ҳар бир оилада аждодларимизни ёд этиш, бу оламдан ўтган яқинларимизни хотирлаш, ҳаёт бўлган нуронийларимиз, уруш қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини эъзозлаш билан ўтказилмоқда. Чунки, юртимизда Иккинчи жаҳон урушидан азият чекмаган оила йўқ. Ҳалигача бу урушнинг жароҳати қалбларни ўртайди.

Кўп миллатли Ўзбекистон халқи бутун тараққийпарвар инсоният қатори 1941-1945 йиллардаги урушда фаол иштирок этиб, фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабага муносиб ҳисса қўшди. Жумладан, самарқандликлар ҳам Иккинчи жаҳон уруши ва фронт ортида фидойилик кўрсатди. Уруш йилларида вилоятимиздан 152 минг киши фронтга сафарбар қилинди. Афсуски, уларнинг 70 минг нафардан ортиғига юртимизга қайтиб келиш насиб этмади.

Уруш исканжасида қолган шаҳар ва қишлоқлардан эвакуация қилинган 165 минг кишига вилоят аҳолиси ўз уйидан жой берди. Бир бурда нонини улар билан баҳам кўрди, етим болаларнинг бошини силади. Масалан, каттақўрғонлик Ҳамид Самадов 13, самарқандлик Фотима Қосимова 10 нафар етим болани асраб олиб, уларни ўз фарзандлари каби оқ ювиб, оқ тараганини ҳеч ким унутмаган.

Самарқандга кўчирилган ўнлаб завод ва фабрикаларда аёллар ва болалар, кексалар ва ногиронлар меҳнат қилиб, фронт учун қурол-яроғ, кийим-кечак ҳамда бошқа маҳсулотлар етказиб берди. Ғалла етиштириб, ўзи нон емаса ҳам фронтга жўнатди, боғлардаги сархил мевалар биринчи навбатда жанггоҳларга юборилди. Бир сўз билан айтганда, фронт ортида қолган халқимиз ҳам жангда қон кечгандек жасорат ва матонат кўрсатди.

Шунинг учун бугун ҳар бир оила, ҳар бир юртдошимиз бу санани байрам қилишга ҳақли, бу ёруғ кунлар учун жонини фидо қилган инсонларни ёд этиш, ҳаёт бўлган фахрийларимизни эъзозлашга бурчли.

Эл-юртимизнинг уруш йилларида кўрсатган мардлик ва қаҳрамонлиги биз учун улкан жасорат мактаби, ғурур-ифтихор манбаи бўлиб, вақт ўтгани сайин бу ўлмас қадриятларнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аждодларимиз хотирасига чуқур ҳурмат бажо келтирилиб, фашизмга қарши жангларда, меҳнат фронтида жонбозлик кўрсатган фахрийларимизга алоҳида эътибор ва эҳтиром кўрсатиш юртимизда олижаноб анъанага айланиб қолди.

Айни пайтда ҳаёт бўлган 44 нафар самарқандлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси нафақат оила аъзолари, балки бутун халқимизнинг ҳурмат ва эътиборида. Давлатимиз томонидан уларга ҳар ой озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва бошқа воситалар етказиб берилмоқда. Саломатликларини тиклаши, дам олиши учун юртимиз ва хориждаги сиҳатгоҳларга бепул йўлланмалар ажратилаётир.

Президентимиз ҳам уруш қатнашчиларига юксак эҳтиром кўрсатмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан ўтган йил ва жорий йил бошидан буён Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш, урушда вафот этган юртдошларимиз хотирасини абадийлаштириш ва айни чоғда ҳаёт бўлган фахрийларимизга муносиб иззат-икром кўрсатиш, уларни ижтимоий-моддий қўллаб-қувватлаш юзасидан бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Шу асосида пойтахтимизда Ғалаба боғи барпо қилинди. Бу ерда халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушидаги иштироки, матонат ва жасоратидан ҳикоя қилувчи музей ташкил этилди. Худди шундай Нукус шаҳри ҳамда вилоятлар марказларида Иккинчи жаҳон уруши даврига оид ҳарбий техника, тарихий экспонатлар, инсталлясияларни ўз ичига олган замонавий “Ватанпарварлар” боғлари ташкил этилмоқда.

Президентимиз фармонига кўра, бу йил Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари 10 миллион сўмлик пул мукофоти ҳамда “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 75 йиллиги” эсдалик юбилей медали билан тақдирланмоқда. Шунингдек, уларга давлатимиз раҳбарининг махсус совғалари, маҳаллий ҳокимликларнинг туҳфалари тантанали топширилмоқда.

Бугун ҳар биримиз фариштасифат бу азиз инсонларни байрам билан табриклашни, уларнинг суҳбатидан баҳраманд бўлишни истаймиз. Лекин айни пайтдаги карантин чекловлари бу истагимизга изн бермайди. Шундай бўлса-да, уйда туриб ҳам бу улуғ инсонларга раҳмат айтишимиз, уларнинг умрлари узоқ бўлишини тилаб дуолар қилишимиз лозим. Тинчликнинг, хотиржамликнинг қадрини улардан ўрганишимиз керак.

Насиб этса, синовли кунлар ўтиб, офатлар чекингач, байрамни яна ҳам кенгроқ давраларда давом эттирамиз. Қадрли фахрийларимизга барчамиз ўз қалб изҳорларимизни билдирамиз.

Ҳасан Нормуродов,

Самарқанд вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари.