Ўзбекистон Қаҳрамони – ҳарбийлар меҳмони

Марказий ҳарбий округда Ўзбекистон Қаҳрамони, “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси Ҳасан Нормуродов билан учрашув ўтказилди.

Ўзбекистон Қаҳрамони дастлаб Марказий ҳарбий округда янгидан бунёд этилган Ситуацион марказ фаолияти билан танишди. Замон талаблари асосида жиҳозланган ва барча қулайликлар яратилган оператив бошқарув пункти, электрон ва бадиий кутубхона ҳамда панорамали мажмуавий отиш тренажёри синфини кўздан кечирди.

Учрашувда Марказий ҳарбий округ хизматчилари билан бирга Самарқанд “Темурбеклар мактаби” тингловчилари, Қуролли Кучлар Кичик мутахассисларни тайёрлаш маркази курсантлари, муддатли ҳарбий хизматчилар ҳам иштирок этди.

Самимий мулоқот тарзида ташкил этилган тадбирда Ҳ.Нормуродов ўзининг ҳаёт йўли, жумладан, муддатли ҳарбий хизматни ўташ чоғида Самарқандга ҳарбий қисм қўмондонлигининг  миннатдорчилик хати юборилгани ва бу мактуб газетада чоп этилгани ҳақида гапириб берди. Учрашув қатнашчиларининг саволларига батафсил жавоб қайтарди.

Марказий ҳарбий округ қўмондони, полковник А.Саидов Ҳасан Нормуродовни юксак мукофот билан табриклаб, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг ташаккурномасини топширди.

Тадбир давомида оддий аскарлар Шоислом Шохосилов ва Турғун Ражабов Ўзбекистон Қаҳрамони суратини чизиб, Ҳасан Нормуродовга совға қилдилар.