Ҳасан бобонинг ибрати

Ибрат – ўзининг оқилона сўзи, тўғри йўл танлаши билан бошқаларга намуна бўлиш. Яъни, кимнингдир сизга ўхшашликка ҳаракат қилиши. Шу жиҳатдан оладиган бўлсак, ҳаётда Ҳасан Нормуродовдек яшайман, деганлар кам эмас эди. Хўш, Ҳасан Норбековичнинг ибрати нимада эди?

Биринчидан, гарчи мискин бўлса-да, оиласида маърифатнинг ҳукм сурганлиги, Каттақўрғон туман Кичиккўрпа қишлоғидаги бу хонадонда зиёлиларнинг қадами узилмаслиги.

Иккинчидан, ижтимоий аҳволидан қатъи назар оиланинг ҳар бир аъзосининг, хусусан, Ҳасан Нормуродовнинг илмга интилиши, аввал, педагогика техникуми ва кейинчалик, ишлаш жараёнида Самарқанд давлат университети ўзбек филология факультетида сиртдан ўқиши.

Учинчидан, салоҳиятли хотира, яъни кўп китоб ўқиши ва асарлар мазмунини ёддан билиши.
Ҳ.Нормуродов 80 ёшида ҳам ўрта мактаб дарслигидаги бадиий асарларни ёд биларди.

Тўртинчидан, биров ҳақида ёмон гапирмасди. Бирорта одам бу инсоннинг бошқа  биров ҳақида  ёмон фикр айтганини эслолмайди. Йўқ-йўқ, у одам бировдан қўрқмасди, агар зарур эътирози бўлса, тегишли одамнинг қулоғига айтарди.

Бешинчидан, вилоятда Ҳасан ака каби газета ва китобни мунтазам ва кўп ўқийдиган зиёли  топилмасди. Эҳтимол, зукколиги ҳам шундан эди. Муҳими,  ҳар бир яхши мақола учун муҳаррир ёки муаллимга раҳмат айтишга ҳафсала топарди.

Олтинчидан, давр талабини, замона сиёсатини, давлат ғоясини жуда пухта англарди ва бутун вужудини ана шу йўналишга чоғларди.

Еттинчидан, бировга озор беришни, ёмон гапиришни ор деб биларди.

Саккизинчидан, ёшларни яхши кўрарди. Улардан тажрибасини аямасди. Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳасан Нормуродов Самарқанднинг ана шундай улуғ зиёлиларидан бири эди.

Ҳаёт бўлганида бугун 83 ёшни қаршилаган бўларди. Устознинг руҳлари шод бўлсин!