Тизимда 30, 40 йиллаб фаолият юритиб, аттестациядан ўтмаган ўқитувчилар бор
Бу ҳақда Самарқанд вилоят Матбуот уйида вилоят халқ таълим бошқармаси бошлиғи Зебунисо Шодиева иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида айтилди.
Дастлаб таълим соҳасида кадрлар салоҳиятини ошириш, педагог-ходимларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, “қизил”, “сариқ”, “яшил” тоифадаги мактабларда амалга оширилаётган ишлар, олий тоифали ўқитувчиларга бўлган эҳтиёж, мактаблар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, тизимдаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш борасида маълумот берилди.
Таъкидланишича, бугун вилоятда 1255 та умумтаълим муассасалари мавжуд. Уларда 56 минг 370 нафар ўқитувчи 734 минг 398 нафар ўқувчига таълим-тарбия бериб келмоқда.
- 2019-2020 ўқув йили якуни билан ўтказилган таҳлилларга кўра, вилоятимиздаги 142 та мактабнинг бирорта битирувчиси олий таълим муассасаларига ўқишга кирмаган, - дейди З.Шодиева. - Туманлар кесимида қарайдиган бўлсак, энг паст кўрсаткич Қўшработ, Паст Дарғом, Ургут, Пайариқ, Нуробод, Булунғур ва Каттақўрғон туманлари мактаблари ҳиссасига тўғри келади. Ушбу мактаблар директорларининг 41 нафари огоҳлантирилган, 48 нафарига ҳайфсан, 7 нафарига 30 фоизлик интизомий жазо чораси берилган. 45 нафари билан меҳнат шартномалари бекор қилинган.
Бугун умумтаълим мактабларида 56 мингдан ортиқ педагог-ходим фаолият юритаёиган бўлса, уларнинг атиги 2,3 фоизи олий тоифали ўқитувчилардир. Малака ошириш институтида таҳсил олаётган ўқитувчилар билан суҳбатлашганимизда 30, 40 йиллаб мактабда фаолият юритаётган ўқитувчилар аттестациядан ўтмаганига гувоҳ бўлдик. Демак, улар йиллаб ўз устида ишламаган. 2021 йилдан олий тоифали ўқитувчиларнинг ойлик маоши 1 миллион 500 минг сўмга оширилди. Бу ҳам уларнинг сонини оширишга хизмат қилади.
Ижтимоий тармоқларда ўқувчиларнинг мактабдаги беўхшов қилиқлари, ўқитувчининг қуюшқондан чиқиб, ҳаддидан ошишга мажбур бўлаётган ҳолатларни кўряпмиз. Албатта, бу ҳолат ўз-ўзидан юзага келмайди. Вилоятимиздаги мактабларда 2000 нафардан ортиқ психологлар фаолият юритса, афсуски уларнинг аксарияти психология бўйича мутахассис эмас. Биз мактаблардаги соғлом муҳитни шакллантириш, педагог ва ўқувчилар ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида 24 нафар тренерни психология факультетида ўқитдик. Улар мактабларга бориб ўз тажрибалари билан ўртоқлашмоқда.
Шу билан бирга ўрганишларимиз натижаси шуни кўрсатдики, бугунги кунда 7296 ўқувчининг ота-онаси ажрашган, 9450 нафарининг ота-онаси ёки иккаласидан бири вафот этган, 19 минг 277 ўқувчининг ота-онаси ёки иккаласидан бири чет элга кетганлиги маълум бўлди. 978 ўқувчи нотинч оила фарзанди, 449 ўқувчи ота-онаси ёки васийлари томонидан турли тазйиққа учраган, 1146 ўқувчи ичкиликка ружу қўйган оила вакиллари билан бир хонадонда истиқомат қилади. Бу рақамлар ортида фарзандларимиз келажаги, таълим-тарбияси билан боғлиқ оғриқли муаммолар ётибди.
Шунингдек, матбуот анжуманида вилоят бўйича 476 нафар фан ўқитувчиларига, жумладан, математика, информатика, физика, кимё, биология, рус ва инглиз тиллари билан боғлиқ мутахассисларга эҳтиёж бор. Ургут туманида 180 нафар ва Паст Дарғом туманида 131 нафар қайд этилган фанлардан малакали ўқитувчилар етишмайди.
Бошқарма бошлиғи оммавий ахборот воситалари ходимлари билан бўлган мулоқотда мактабларда таълим сифатида, дарсликларнинг етишмовчилиги, ўқувчиларнинг соғлом овқатланишида талабга жавоб бермайдиган ошхоналар фаолияти, ўқитувчиларнинг бугунги нуфузи ҳақида берилган саволларга жавоб берди.
Насиба Жонтўраева.