Тожикистонда полиомиелит касаллиги билан боғлиқ эпидемиологик вазият фавқулодда ҳолат деб баҳоланди
Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) расмий баёнотида айтиб ўтган.
Аввалроқ - 8 март куни ЖССТ Тожикистонда аниқланган цПВВП2 ҳолатлари тўғрисидаги маълумотларни кўриб чиқди ва эпидемияни иккинчи даражали фавқулодда ҳолат деб таснифлаган. Қайд этилишича, 18 март куни Тожикистонда вакцинадек айланма тарқалувчи 2-турдаги полиовирус (цПВВП2) юқтирган болаларда тўртта паралич ҳолати рўйхатга олинган.
Ўткир шол фалаж кечувчи цПВВП2нинг биринчи ҳолати ўтган йилнинг 22 ноябрида Хатлон вилоятида қайд этилган ва ҳозирда Покистонда тарқалаётган вирус тури билан боғлиқ. Иккинчи фалаж ҳолати шу йилнинг февраль ойида Хатлон вилоятида ўткир шол фалаж симптомлари бўлган болада тасдиқланган. 8 март куни Ҳисор шаҳрида ўткир шол фалаж билан инфантил фалажнинг яна икки ҳолати аниқланган.
Бундан ташқари, Душанбедаги махсус танланган эпидемиологик назорат майдончасида олинган учта намунада ҳам цПВВП2 қайд этилган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг баёнотида айтилишича, юқумли касалликни пухта текшириш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, мутахассисларнинг касалхоналарга бориб, контактларни аниқлаш ва вакциналаш қамрови маълумотларини субмиллий даражада ўрганиш кўзда тутилган.
2021 йил февраль ойида мамлакатда 2-турдаги полиовирус вакцинасини ўтказиб юборган барча болалар касаллик ривожланиши ва вирус билан алоқа қилган вазиятда фалаж рўй беришидан сақлашни таъминлаш мақсадида инактив полиовирус вакцинаси (ИПВ) ёрдамида режалаштирилган умуммиллий эмлаш кампанияси якунланди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабарида, ўтган асрнинг 80-90-йилларида республикада, айниқса ёш болалар орасида ўткир шол – полиомиелит касаллиги кўплаб қайд этилиб, болаларни умрбод мажруҳликка олиб келар эди.
Миллий ва тозалов эмлаш кунлари ҳамда Миллий эмлаш календари асосида аҳолини бу касалликка қарши эмлаш ишлари натижасида республикамизда охирги марта ўткир шол билан касалланган бемор 1995 йилда қайд этилган. 1996 йилдан бошлаб, бу касаллик умуман йўқотилган.
Ўзбекистон 2002 йилда тараққий этган давлатлар қаторида ЖССТнинг "Ёввойи полио вирусидан халос бўлган давлат" сертификатига сазовор бўлган.