Томорқа шунчаки экин майдони эмас

Жамшид ЎРОҚОВ, Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари:

- Томорқа нима учун берилади? Ишлатиш, бу орқали ҳам ўзига, ҳам давлатга наф келтириши учун! Одамлар ишли бўлсин, рўзғорини обод қилсин, даромад олсин, деб берилган. Томорқалардан самарали фойдаланиш эса юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бозорда нарх-навони барқарор ушлаб туриш ва аҳолининг турмуш даражасини оширишга хизмат қилади. Бугун томорқага алоҳида эътибор қаратилаётгани боиси ҳам шунда.

Вилоятимизда томорқасида йилига уч-тўрт марта ҳосил олаётган, иссиқхоналар барпо қилиб, нафақат оиласи дастурхони, балки бозор тўкин-сочинлигини таъминлаётган кишилар кўп. Лекин, шу билан бирга, ернинг умрини беҳуда ўтказиб, томорқасига қарамаётган одамлар ҳам йўқ эмас. Жойларга чиқиб, кузатганимизда ҳалигача ғафлат уйқусидан уйғонмаган оилалар борлигига, улар ҳовли-жойларини тартибга келтириш, кўчат ўтқазиш, экин экиш ишларига киришмаганлигига гувоҳ бўлдик.

Кишиларнинг уй-жойи ўзининг шахсий мулки, аммо ер давлатники. Ундан мақсадли фойдаланишга ҳар бир инсон бурчли. Томорқани ўз ҳолига ташлаб қўйиш, бирор экин экмаслик учун жавобгарлик бор.

Бугун томорқа юмушларига киришиш, атрофни ободонлаштириш юртпарварман, оилапарварман, деган кишининг асосий юмуши бўлиши керак. Чунки томорқа шунчаки экин майдони эмас, оилаларнинг фаровонлиги омилидир.