Тоқатсизлигимизга интернет сабабми ёки ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётган хабарларми?
Болалигимизда дунёда нима ишлар бўлаётганини “Время” ва “Ахборот”дан билардик. Улар ҳамма нарсани ҳам шов-шув қилавермасди.
Бугун ахборот оқими, янгиликлар, воқеалар шунчалик кўпки, баъзида инсон мияси таҳлил қила олмаётгандек гўё. Ижтимоий тармоқларда шов-шувли воқеа-ҳодисалар икки-уч кун муҳокамада бўлади, кейин у тезда эскиради. Ҳаётимизда ақл бовар қилмас, қалбимиз қабул қила олмайдиган ҳодисаларга ҳам тезда кўникиб кетаётгандекмиз.
Фаолиятимиз интернет билан бевосита боғлиқ бўлгани учун, унда кечаётган гап-сўзларни кузатишга мажбурмиз. Қайси ижтимоий тармоққа кирманг ўз боласини айиққа ем қилмоқчи бўлган аёл ҳангомаси, асосан қарғишлардан иборат постлар ва чиқишлар талайгина. Аёл-ку қилмишига яраша тегишли жазога тортилди. Аммо бир аёл тақдирида жамиятимиздаги бор муаммолар юзага қалқиб чиқмадими? Унга фақат ачиниш мумкин, қарғаш шарт эмас.
30 яшар ёшгина аёл Тошкентдаги нуфузли олийгоҳларнинг магистратура босқичида таълим оларкан. Оиласи ажрим арафасида, турмуш ўртоғи Россияда, ёлғиз яшайди, эри ёрдам бермайди, фарзандини ўзи боқади, яна контракт тўлови ҳам бор экан. Оиладаги етишмовчилик, ёлғизлик, эр томонидан бўладиган руҳий босимга замонавий, олий маълумотли аёл бардош бера олмади. Руҳиятида юз бераётган чалкашликлар, "портлаш"лар натижасида ўз туққан боласи, кўзининг оқу қорасини йиртқич ҳайвонга ем қилмоқчи ва шу йўл билан эридан, жамиятдан ўч олмоқчи бўлди. Ҳайвонот боғига айнан шу мақсадда келганига сира ҳам ишониб бўлмайди.
“Зузу” (ҳайвонот боғидаги айиқ) қизчани бурдалаб ташламади, дейилади хабарларда. Айтишларича, йиртқичнинг қорни тўқ бўлган экан. Ёлғон, қорни оч бўлганида ҳам барибир емасди, еяолмасди. Ҳайвонлар сезгир бўлади, балки у онада кечаётган шайтоний васвасани ҳис қилгандир.
Сезгандирсиз, бугун жамиятимизда тоқатсизлик ҳукмрон. Асаблар таранг, тушуниш, ҳамдардлик, илтифот сингари инсоний фазилатлар тобора камёблашиб боряпти. Эр хотинини пичоқлаган, фарзанд отасини ўласи қилиб урган, чақалоқлар ахлатхоналарга ташлаб кетилаётган, қайноталар келинига кўз олайтирган ҳолатларга кўникиб, мослашиб бораётгандекмиз.
Аёл барибир ожиза яратилган. Унинг ортида “Тоғ” бўлмаса, нураб кетаверади. Юқоридаги вазиятда ҳам асосий айбдор унинг эри. Ғурури, орияти бўлмаган эркак туғдириб, ташлаб кетаверадими? Аввало, уни жазолаш керак эмасми? Жамоатчилик эътиборини масаланинг ана шу жиҳатига қаратсак, адолатли бўларди. Жамиятимизда бошқа тузилмалар ҳам бор – маҳалла, хотин-қизлар, ички ишлар ва ҳоказо. Бизда айни пайтда маҳалланинг роли ва аҳамиятига катта умид билдириляпти, унга кўп ваколат ва ҳуқуқлар бериляпти. Аслида ҳам маҳалладаги бирор оилада нотинчлик бўлса, уларнинг албатта хабари бўлади. Ўша “қаҳрамон” аёл ажрашиш учун бир неча марта судга ариза берган, аммо суд ажраштирмаган экан. Мажбурий сақлаб қолинган оила нима бўларди? Суд уларни ажратганида, балки 2 нафар боласи учун алимент олганида ҳам вазият бунгача бормасмиди.
Тўғри, ажралиш яхши эмас, лекин вазиятлар ҳар хил бўлади. Бутлаб бўлмайдиган оилаларни сақлаб қолишдан наф йўқ, уларни ажратиб, болаларнинг қонуний ҳақини отадан ундириб бериш керак.
3 яшар қизалоқ бир кун албатта, катта бўлади, эсини танийди. Ўшанда онасини тушунармикан, уни ҳаракатини кечирармикан? Одамни муҳит тарбиялайди, дейишади. Ишқилиб, унга яхши инсонлар қуршовида улғайиш насиб этсин. Жамиятга, инсонларга, яқинларига нисбатан нафрат ва адоватни ҳис қилмасин. Муаммо шунда!
Гулчеҳра Бердиёрова.