Тошкент аэропортида тез ёрдам машинасига йўл берилмагани оқибатида бемор вафот этди
Ҳаёт синов ва тасодифлардан холи эмас. Кутилмаганда рўй берадиган бахтсиз ҳодисалар, фавқулодда ҳолатлар ёки касалликлар хуруж қилганда ҳар қандай инсон шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлади.
Тошкент аэропортида ўз вақтида тез ёрдам кўрсатилмагани боис бемор вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 11 сентябрь куни эрталаб соат 07:25да Тошкент халқаро аэропортидан Call марказга 60 ёшли кишининг соғлиғи ёмонлашиб, ҳушидан кетгани ҳақида чақириқ тушади. Бу маълумот зудлик билан Яккасарой туманидаги 10-бўлимга етказилган. Орадан 1 дақиқа ўтиб, яъни, соат 07:26 да “Тез ёрдам” бригадаси чақириқ жойига отланади. Бироқ Яккасарой тўйхонаси ёнидаги йўл тиқилинч бўлгани сабабли “Тез ёрдам” 5-6 дақиқа туриб қолади. «Тез ёрдам» машинасининг чироғи ёниб, чақириқ сигнали янграб турса-да, машинага йўл берилмаган.
Тез ёрдам манзилга етиб борганида аэропорт шифокорлари беморга тиббий ёрдам кўрсатаётган экан. Тез ёрдам шифокорлари ҳам дарҳол ишга киришади. Беморда ўпка-юрак реанимацияси муолажалари ўтказилади. Аммо кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан бемор вафот этади.
“Бунга аксарият ҳолатда йўлларда тез тиббий ёрдам машинасига йўл берилмаслик ҳам сабаб бўлмоқда. Тараққий этган хорижий давлатларда тез ёрдамга йўл бўшатиб бериш бўйича ҳайдовчиларда шахсий масъулият жуда юқори. Биз эса йўлларда кўпинча бунинг аксига гувоҳ бўламиз. Машина чақирув сигналини ёқиб турса-да, бунга парво қилмайдиган ҳайдовчилар ҳам йўқ эмас”, дейди шошилинч ва тез тиббий ёрдам масалалари бўйича маҳаллий координатор Обиджон Дилмуродов.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳайдовчиларни тез ёрдам машинасига йўл беришга чақирган.