Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали талабалари кредит-модуль тизимида таълим олмоқда

Бу ҳақда бугун Самарқанд вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган матбуот анжуманида филиал директори Шавкат Ҳасанов маълум қилди.

- Филиал қишлоқ хўжалигида инновацион ресурс тежайдиган илғор технологияларни қўллаш, “Ақлли қишлоқ хўжалиги” (Smart agroculture) ва рақамлаштирилган агротехнологияларни жорий этиш бўйича замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган кадрларни тайёрлаш мақсадида очилди, - деди Ш.Ҳасанов. - Талабалар ҳафтада 5 кун ўқийди, шанба куни мустақил ўзлаштириш куни ҳисобланади. 2020-2021 ўқув йилида талабаликка тавсия этилганлардан 79 нафари давлат гранти, 241 нафари тўлов-шартнома асосида, жами 320 нафар талаба ўқишга қабул қилинди. Уларнинг атиги 10 фоизи Самарқанд вилоятидан, қолганлари бошқа вилоятлардан Давлат тест маркази томонидан саралаб олинган талабалардир.

Шунингдек, магистратура йўналишига жами 70 нафар, шундан 39 нафар талаба давлат гранти асосида, 31 нафар тўлов-шартнома асосида қабул қилинди.

Филиалда агробиология, агробизнес ва логистика факультетларида 6 та кафедра мавжуд бўлиб, мазкур кафедраларда 40 дан ортиқ малакали педагог кадрлар талабаларга билим беради.

Талабалар учун дарслар 2020 йилнинг 14 декабрь санасидан анъанавий тарзда, магистрларга эса 2021 йилнинг январидан бошланди.

Шунингдек, яқинда вилоят ҳокимлиги томонидан филиалга 50 гектар ер ажратилди. Магистрантларнинг тажрибалари ушбу майдонда олиб борилади. Бундан ташқари, филиал биносида кампус яратилади. Бунда талабалар амалий ва назарий билимларини биргаликда олиш учун замонавий ўқув лабораториялари яратилади.

Эслатиб ўтамиз: Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 сентябрдаги “Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Оқдарё тумани Даҳбед қўрғонида Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали ташкил этилди.