Тўй харажати ўрнига автомашина

Кекса отахон-у онахонларимиз дуога қўл очар экан тўйларга етказсин, дея ният қилади. Коронавирус пандемияси сабаб оммавий тадбирлар вақтинчалик тўхтатилган эди. Аста-секин ҳудудларимизнинг “сариқ” ва “яшил”га ўтиши муносабати билан тўйларни ихчам, 30 киши билан, карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ўтказиш тартиби белгиланди.

Хўш, бугун карантинда тўйларимиз қандай ўтмоқда?

Ижтимоий тармоқларда вилоятларимизда ўтказилаётган 30 кишилик тўйлар акс этган лавҳа қўйилди. Ҳовлида файзли, яқин қариндошлар иштирокида ташкил этилган бу тўйларга одамларнинг муносабати ижобий эканлиги кишини қувонтиради. Билдирилаётган фикрларда  ёшларнинг бахтли ҳаёти асосий ўринда эканлиги акс эттирилган.

Танишларимдан бирининг айтишича, яқинда худди шундай 30 кишилик никоҳ ва суннат тўйи ўтказилибди.

– Кўп қаватли уйнинг ҳовлисига 4 кишилик стол-стул қилиб, 30 кишига дастурхон безатилди, - дейди танишим. - Суннат тўйи оралиқ масофани сақлаган ҳолда файзлигина ўтди. Тўйбола даврани тўлдириб, шодон ўйнаб юрибди. Ёш ҳофиз торини олиб, жонли ижрода ажойиб тароналарни куйлади. Тўйларда ғашингизга тегадиган раққосалар йўқ. Бирам файзли бўлдики, қани энди тўйларимиз мана шундай ўтса, дея хаёлимдан ўтказдим. У орзу-ҳавас билан фарзандининг суннат тўйига пул йиғиб юрган экан. Энди қолган пулига машина олишини айтди.

Карантин даврида никоҳ тўйида ҳам бўлдим, у ҳам ажойиб ўтди. Тўй эгасининг айтишича, 30 кишилик дастурхон ва бошқа харажатлардан ортган пулга ёшлар учун қурилаётган уйларнинг бошланғич тўловини тўласа бўлар экан. Қаранг, бир кунлик тўй учун қанча пул сарфлар эканмиз. Бўларкан-ку шундай тўйларни ўтказсак.

Бугун карантин бизга кўп нарсаларни ўргатди ва ёдимизга солди. Биргина тўйлар мисолида оладиган бўлсак, кўзимиз кўрса-да ақлан тан олмайдиган жиҳатларимиз борлигига амин бўлдик. Ўнлаб автомашиналарда куёв жўралар ва келин дугоналарни олиб юрган карвонга ҳечам ҳожат йўқ, иккита машинада юрса ҳам бўларкан. Юзлаб одамларни бағрига сиғдира олмаган тўйхоналар, навбат талашган санъаткорлар ҳам бир четда қолди. “Ёр-ёр” фильми ёдингизда бўлса, ўшанақа кичиккина даврада, бахтиёр чеҳралар қуршовида бугунги тўйларимиз ўтаётгани ажойиб.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.