Тойлоқ агробиотехнологиялар техникумини аъло баҳоларга битирган ўқувчи СамДУга 2-босқичдан имтиҳонсиз қабул қилинади
Самарқанд давлат университетида 2020-2021 ўқув йилида агробиотехногиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги факультети очилади.
- Янги ташкил қилинаётган факультет салоҳиятли, малакали агрономларни тайёрлаб беради. Бизда тупроқ, иқлим, сув шароитини ҳисобга олганда, билимли мутахассислар етишмайди, - деди университет ректори Рустам Холмуродов. – Шунинг учун ҳам бугун тадбиркорларимиз чет элдан мутахассис олиб келиб, улар кўмагида тадбиркорлик ишларини йўлга қўймоқда. Нега биз ўзимиз шундай мутахассисларни тайёрламаймиз? Агар етук агрономлар ўзимизда тайёрланса, халқнинг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжи қондирилади. Шунингдек, экспортбоп маҳсулотлар ҳам етиштирилади. Эҳтиёждан келиб чиқиб, университетда агробиотехногиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги факультети очишга қарор қилдик.
Янги ўқув йилидан бошлаб университет қошида Тойлоқ агробиотехнологиялар техникуми очилади. Техникумга 300 нафар ўқувчи қабул қилинади. Шуниси аҳамиятлики, университет профессор-ўқитувчилари факультетда ҳам, техникумда ҳам бирдек фаолият олиб боради. Техникумни аъло баҳолар билан битирган ўқувчилар университетнинг ўша йўналишдаги факультетига 2-босқичдан имтиҳонсиз қабул қилинади.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.