Тойлоқ туманидаги фожиа ортидан “Озодлик” радиосининг савияси яна бир бор “бўй кўрсатди”

Яқинда “Озодлик”да Тойлоқ туманида 33 ёшли йигит ўзига ўт қўйиб юборганлиги бўйича хабар чиққан эди. Тойлоқ туман ҳокимлиги ушбу ҳолатга ўз муносабатини билдирди.

Туманимизда содир бўлган ёш йигит билан боғлиқ фожиа бутун туман аҳли ва раҳбариятини қайғуга солди. Бизни ўз жонига қасд қилган йигитнинг оиласи, етим қолган фарзандлари тақдири ўйлантираётган бир вақтда айрим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари воқеага бўҳтон қўшиб, шов-шув кўтариш, халқ ўртасида норозилик уруғини сепишга уринганига гувоҳ бўлиб, бундан қаттиқ афсусландик.

Жумладан, “Озодлик” сайтида жонига қасд қилган йигитни “ноқонуний равишда қурилган дея топилган уйини бузиш учун келганларга норозилик сифатида ўзига ўт қўйган” деб баралла эълон қилишди. Бир неча марта ўша куни “кадастр ходимлари уйни бузиш учун келишган” дея айтиб ўтилибди.

Энг ачинарлиси, бирор бир оммавий ахборот воситаси бундай аянчли даъвони эълон қилишдан олдин туманимиз масъуллари билан боғланиб ҳам кўришгани йўқ. Афтидан, мақсад – ростми-ёлғонми шов-шувли ахборот тарқатиш. Биз бу каби сайтларда ҳеч иккиланмасдан на холислик ва на профессионаллик тариқча ҳам йўқлигига амин бўлдик.

Агар озгина профессионаллик ёки озгина малака етишганида “Озодлик” ходимлари архитектура ёхуд кадастр ходимлари уйни бузадиган орган эмаслигини, бу ходимлар фақат қонунчиликда кўзда тутилган ҳолатларни тушунтириш учун фуқаро олдига борганини фаҳмлаган бўларди.

Яна бир факт шуки, аслида ўз жонига қасд қилган фуқаронинг уйи бузилишга тушган ҳам эмас.

Аслида марҳум Д.Ш. томонидан 2018 йил 10 декабрда Ягона давлат хизматлари маркази орқали “Ноқонуний равишда ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойига эгалик ҳуқуқини олиш учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги 461-сонли “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги  2018 йил 20 апрелдаги ПФ-5421-сон фармони ижросини таъминлаш  чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мурожаат қилган.

Ана шу ариза  комиссия аъзолари томонидан ўрганиб чиқилиб, ИЖОБИЙ ХУЛОСА БЕРИЛГАН. Шундан сўнг фуқаро Д.Ш. номига Тойлоқ туман ҳокимининг 2019 йил 23-январдаги 247-Қ сонли қарори қабул қилинган эди. Ушбу қарор асосида Д.Ш.нинг қурилиш ости 290.39 кв.метр жами 0.06 га ер майдонига эгалик қилиш ҳуқуқи эътироф этилган.

“Озодлик” радиоси сайтида эса “ноқонуний равишда қурилган дея топилган уйини бузиш учун келганларга норозилик сифатида ўзига ўт қўйган” дея эълон қилмоқда. Юқорида айтилганидек, ижтимоий тармоқлар ҳам тарқатилган бу бўҳтонни кўчириб босмоқда.

 Модомики, фуқаронинг ўзбошимчалик билан қурилган уйига эгалик ҳуқуқи тикланган экан, уй бузилмас экан, нима сабабдан у ўз жонига қасд қилди? Масаланинг энг оғриқли томони шу. Д.Ш. эгалик ҳуқуқи берилган уйига қўшимча равишда ерни эгаллаб олгани аниқланган. Бундай ҳолатлар аслида бугун оз эмас. Гарчи бир неча сотих бўлса-да аслида халқнинг мулки бу ерлар. Унинг қачон эгалланганини аэрокосмик фотосуратлардан ҳам билиш мумкин.

Кўплаб учраётган бу каби ҳолатларнинг қонун меъёрларига тўғри келмаслиги фуқароларга тушунтирилмоқда. Жумладан, ўз жонига қасд қилган Д.Ш. билан бир кўчада яшовчи қатор фуқаролар билан ҳам шу ҳолат кузатилган ва уларга ҳам тушунтирилган, огоҳлантириш берилган эди.

Воқеадан бир неча кун олдин фуқаро Д.Ш. мазкур муаммо юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига мурожаат қилган эди. Фожиа содир бўлган куни юқоридаги муражаатни ўрганиш учун Тойлоқ туман архитектура ва қурилиш бўлими ҳамда Тойлоқ туман “Ермулккадастр” ДК бўлими мутахассислари, маҳалла вакили ҳамда гувоҳлар иштирокида фуқаро олдига боришган. Бу эса “уйни бузиш учун” дея талқин этилди. Аслида фуқарога уйи учун аллақачон эгалик ҳуқуқи тиклангани, гап фақат яқинда эгалланган қўшимча ер ҳақида кетаётгани ва асосийси у ерга бузиш билан шуғулланувчи ташкилот вакилларининг ўзи ҳеч қачон бормагани ёритилмади.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам туман раҳбарияти бўлган воқеадан чуқур афсусда.  Д.Ш.нинг оиласи ҳам ҳокимлик эътиборидан четда қолмайди.

Туманимиз бошига тушган воқеадан ўз манфаати учун фойдаланган, воқеани бутунлай тескари тасвирлаган оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига эса озгина савия тилаган бўлардик.

 

Тойлоқ туман ҳокимлиги.