Тойлоқлик ёшлар “Кўпкураш” ҳарбий-ватанпарварлик спорт мусобақасининг республика босқичига йўлланма олди
Самарқанд шаҳрида “Тинчлигимиз, тараққиёт ва фаровонлик учун!” шиори остида касб-ҳунар мактаблари ва техникумлар ўқувчилари ўртасида “Кўпкураш” ҳарбий-ватанпарварлик спорт мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мусобақада беллашувларнинг туман ва шаҳар босқичларида сараланган 16 жамоа тезкор савол-жавоб, АКМ автоматини қисмларга ажратиш ва йиғиш, камондан ўқ отиш, ҳарбий биатлон, арқон тортиш шартлари бўйича маҳоратларини синовдан ўтказди.
Беллашувлар натижасига кўра, Тойлоқ тумани 1-касб-ҳунар мактабининг “Жасорат” жамоаси биринчи ўрин билан мусобақа кўчма кубоги ҳамда республика босқичига йўлланмани қўлга киритди. Иккинчи, учинчи ўринлар Жомбой ва Нарпай туманлари 2-касб-ҳунар мактабларининг “Қалқон” жамоаларига насиб этди.
Ғолиб ва совриндорларга диплом, медаль ва эсдалик совғалари топширилди.