Тоза бўлмайдиган кўча

Сарлавҳа бир қарашда кишини ҳайрон қолдиради. Ажабланманг. Гап Самарқанд шаҳри Улуғ Турсунов кўчаси ҳақида бормоқда. Чунки бу кўча тоза турганини эслай олмайман. Бу ҳақда 1-2 йилдан буён бир неча марта ёздик, афсус, ўзгариш йўқ. Танқид қилиб мақола ёзсак, “Мароқанд обод” корхонаси ходимлари келиб тозалаб кетади. Минг афсус, эрталаб ишга келганимизда яна шу аҳвол, кўчага чиқинди ташланган бўлади.
Масалага ойдинлик киритиш учун шу ҳудуддаги Кўксарой ва Хўжа Юсуф маҳаллалари раислари билан суҳбатлашдик.
- Чиқинди машиналари бизнинг маҳаллага ҳар ҳафта жума куни келади, - дейди Кўксарой маҳалласи раиси Музаффар Қурбонов. - Ҳар бир кўчага чиқинди машинаси боради, гоҳида янги ҳайдовчи бўлса, биронта кўча қолиб кетмасин деб ўзим йўл кўрсатаман. Ёз кунлари ҳаво иссиқ, истеъмол ҳам кўп бўлгани учун гоҳида икки “рейс” қилинг, деб илтимос қиламиз. Ўтган сафар жума ва шанба кунлари икки “рейс” қилди. Яқинда маҳалла аҳолиси билан ушбу масалани муҳокама қилдик. Одамларга тушунтиришимизга қарамасдан уринишларимиз зое кетмоқда.
Бир-икки марта тунда ухламай, кўчада кузатдик, ўзимизнинг ва қўшни маҳалладаги бир нечта кишини чиқинди ташлаётган вақти ушладик. Бошқа қайтарилмайди, деб узр сўрашди. Лекин ҳолат яна такрорланмоқда. Камера ўрнатсак, ўзгариш бўлади, деб ўйлайман. Одамларнинг маданиятини шакллантирмаса, фойдаси бўлмаяпти ёки катта жаримага тортиш керак.
- Аҳоли бир неча маротаба огоҳлантирилган, ҳатто уйма-уй кириб тушунтирилган, - дейди Хўжа Юсуф маҳалласи раиси Баҳриддин Қўшбақов. – Аввалги раис бир неча марта одамларни жарима қилган. Лекин кўчага чиқинди ташлашнинг асосий сабаби чиқинди машинасининг вақтида келмаслиги. Бизнинг маҳаллага ҳар ҳафта чоршанба куни келиши керак. Лекин бир, икки ҳафталаб чиқинди машинаси келмаган пайтлар бўлди. Машина бузилиб қолди, деб айтишади. Неча марта бошлиғига чиққанман. Январь ойидан буён хизмат кўрсатиш яхши эмас. Агар чиқинди машинаси вақтида келса, аҳоли ҳам тўловни вақтида қилади. Чиқиндига “прописка” буйича тўлов қилиш керак. Одамлар “прописка”сини тозалаб қўйган. Қарздорлик рўйхати келади, айрим одамлар рўйхатга киритилмаган. Ахир бу уйда анча одам яшайди, камига ўнлаб ижарачиси бор.
“Мароқанд обод” корхонасида хизмат кўрсатиш сифати яхши эмас, агар хизматни яхшиласа, одамлар кўчага чиқинди ташламайди, деб ўйлайман.
Икки маҳалла раисидан икки хил фикр эшитдик. Масалага ойдинлик киритиш учун “Мароқанд обод” корхонаси масъулларига мурожаат қилдик.
- Машина ҳафтада бир марта келиб, кўчама-кўча юриб, чиқиндиларни олиб кетади, ҳар бир машинанинг ҳаракати “ЖПС” қурилмасидан кузатиб борилади, - дейди “Мароқанд обод” корхонаси директори Зафар Юсупов. - Улуғ Турсунов кўчасига келадиган бўлсак, бизнинг ходимлар келиб тозалаб кетади, лекин одамлар эрталаб яна чиқинди чиқариб ташлашади. Иккала маҳалла билан бир томонлама шартнома қилинган. Транспорт доим вақтида боради, агар бора олмай қолса, бошқа куни боради. Соатида кечикиши мумкин. Бир икки ҳафталаб бормай кетмайди. Техника бузилиши, кечикиши мумкин, бора олмай қолган жойларга якшанба куни юборамиз.
Корхона масъули машина албатта боришини, лекин ойлик тўловларда қарздорлик кўплигини айтади. Аҳоли эса машина вақтида келмаслиги боис кўчага чиқиндини ташлашга мажбурлигини билдирмоқда.
Муниса ШАМСИЕВА.