Трамп Вакиллар палатаси спикери лавозимига номзод қилиб кўрсатилди

Америкалик қонунчи Мэтт Гетц АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампни Вакиллар палатаси спикери лавозимига номзод қилиб кўрсатди. Учрашув Американинг марказий каналлари томонидан трансляция қилинди.

“Мен Дональд Трампни Вакиллар палатаси спикери лавозимига ўз номзодим сифатида кўрсатаман”, — деди у. Гетц Трамп даврида АҚШ ички ва ташқи сиёсатида муваффақиятларга эришилганига ишонч билдирди.

Гетц пайшанба куни спикер сайлови бўйича овоз беришнинг олдинги босқичларида аллақачон Трампни қўллаб-қувватлашини айтган. Қоидаларга кўра, конгрессменлар Вакиллар палатаси спикерлигига номзод сифатида нафақат америкалик қонунчилар, балки бошқа шахсларни ҳам расман кўрсатиши мумкин.

Ноябрь ойида бўлиб ўтган АҚШ Конгрессига сайловларда республикачилар партияси қуйи палата устидан назоратни қўлга киритган, ўтган сешанба куни Вакиллар палатаси республикачи етакчиси Кевин Маккарти унинг спикери бўлиши кутилган эди. Бироқ, партиядошларининг кичик гуруҳи позицияси туфайли у шу ҳафта ўтказилган ўнта турдан кейин сайлов учун зарур бўлган 218 овозни тўплай олмади.

Вакиллар палатаси спикери лавозими АҚШ ҳукумати иерархиясида учинчи ўринда туради. Спикер тайинланмагунга қадар Конгресс қуйи палатасининг иши, аслида, фалаж ҳолатида қолмоқда, чунки қонунчилар қасамёд қилиб, тўлақонли қонунчилик фаолиятига ўта олмайди.