Трампнинг Тинчлик кенгашига таклиф этилган давлатлар рўйхати эълон қилинди

Bloomberg нашри манбалар ва ижтимоий тармоқлардаги хабарларга таянган ҳолда АҚШ президенти Дональд Трамп ташаббуси билан тузилаётган Тинчлик кенгашига таклиф этилган давлатлар рўйхатини эълон қилди.

Рўйхатга жами 49 та давлат киритилган бўлиб, улар орасида Европа давлатларининг аксарияти, шунингдек Россия, Беларусь, Украина, Исроил, Саудия Арабистони, Покистон, Умон ва бошқа мамлакатлар мавжуд. Шунингдек, рўйхатда Европа комиссияси алоҳида субъект сифатида кўрсатилган.

Bloomberg қайд этишича, барча давлатлар ҳали таклиф олганини расман тасдиқламаган ва эълон қилинган рўйхат тўлиқ эмас.

Рўйхатда Хитой номи келтирилмаган. Бироқ AFP агентлиги маълум қилишича, Пекин ҳам Тинчлик кенгашига таклиф олганини тасдиқлаган. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили расман маълумот берган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Дональд Трампдан Тинчлик кенгашига таъсисчи-давлат мақомида қўшилиш бўйича расмий таклиф олгани маълум. Президент Шавкат Мирзиёев ушбу таклифга жавобан расмий мактуб йўллаб, Ўзбекистоннинг Кенгаш ишида иштирок этишга розилигини билдирди.

Bloomberg маълумотларига кўра, Дональд Трамп эртага, 22 январь куни Давос иқтисодий форуми доирасида Тинчлик кенгаши уставини имзолашни режалаштирмоқда. Бу айрим таклиф этилган томонлар Кенгаш фаолияти шартларини қайта кўриб чиқиш зарурлигини билдирган чақириқларга қарамасдан амалга оширилиши мумкин.

Тинчлик кенгаши ташаббуси халқаро хавфсизлик ва можароларни бартараф этиш бўйича янги платформа сифатида тақдим этилмоқда.