Трансформатор жойига ўрнатилди, энди тармоқ тортилади

Бугун, 4 июлда телеграм каналимизда "Трансформатор ва бетон-устунларни ўрнатадиган электрчи топилмаяпти" сарлавҳали мурожаат берилган эди.

Мазкур мурожаат юзасидан "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ Самарқанд филиали жавоб йўллади. Унда, жумладан, шундай дейилади:

"Ўтган йили Ургут тумани, Чумчуқли маҳалласи фуқароларининг Халқ қабулхонасига қилган мурожаатига асосан қуввати 160 КВА бўлган 1 дона трансформатор пункти ҳамда 50 дона темир-бетон устунлари ажратилиб, таянч устунларини ўрнатиш ишлари олиб борилган.
Ушбу қурилиш ишларининг охирига етказиш учун қўшимча материаллар зарурлиги сабабли жорий йилдаги манзилли дастурга киритилган.

Яқинда мазкур қурилиш ишларини якунига етказиш мақсадида ҳудудга 1,2 километр СИП кабеллари, симлар ва ҳар хил турдаги керакли электр жиҳозлари ажратилган.
Ҳозирда туман электр таъминоти ходимлари томонидан трансформатор пунктини ва қолган 4 дона бетон устунини ўрнатиш ишлари бажарилди. Тез орада тармоқ тортиш ишлар якунланиб, трансформатор пункти юқори кучланишли тармоққа уланади".