Туман мактабларида математика ва физика фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилади
Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги математика ва физика фанларига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати Мирзо Улуғбек номидаги математика ва физика фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган таянч мактаб-интернатига ўзгартирилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимининг 2021 йил 26 июндаги 135-Қ-сонли қарорида тасдиқланди.
Шунингдек, ушбу қарорга кўра, Булунғур туманидаги 1-, Тойлоқ туманидаги 57-, Оқдарё туманидаги 20-, Қўшработ туманидаги 90-, Самарқанд шаҳридаги 2-, Каттақўрғон шаҳридаги 14-сонли умумтаълим мактаблари негизида 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб математика ва физика фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилади.
Бундан ташқари, Пахтачи туманидаги собиқ автомобиль йўллари касб-ҳунар коллежи негизида математика ва физика фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати ташкил этилади.
Ушбу таълим даргоҳлари математика ва физика фанлари бўйича иқтидорли ўқувчиларни танлаб, уларга ушбу фанлардан замон талаблари даражасида чуқурлаштирилган билим бериб, олий таълим тизими учун юқори интеллектуал салоҳиятли ёшларни тайёрлайди. Шунингдек, ушбу мактаб интернатларга юқори касб маҳоратига эга бўлган маҳаллий ва хорижий мамлакатлардан тажрибали ўқитувчилар жалб этилади.
2021-2022 ўқув йилидан бошлаб ихтисослаштирилган синфларга ўқувчилар қабул қилинади.
Хуршида Эрназарова.