Туркий давлатлар ташкилоти Самарқанд саммити иштирокчилари Регистон майдонида кўчат экади
Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган Туркий давлатлар ташкилоти саммити доирасидаги навбатдаги брифингда Давлат экология қўмитаси раиси Нарзулло Обломурадов иштирок этди.
Давлат экология қўмитаси раисининг маълум қилишича, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси энди Туркий давлатлар ташкилоти даражасида ҳам ташаббус сифатида олиб чиқилмоқда.
11 ноябрь куни Туркий давлатлар ташкилоти Самарқанд саммити доирасида ташкилотга аъзо ва кузатувчи мақомидаги мамлакатлар давлат раҳбарлари иштирокида Регистон майдонида кўчат экиш тадбири ўтказилиши режалаштирилган.
Шунингдек, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Венгрия ва Туркманистон давлатлари пойтахтларида ҳам бир вақтнинг ўзида кўчат экиш тадбирлари уюштирилади.
Хусусан, Озарбайжонда 11 ноябрь куни 111 минг 111 та дарахт кўчати ўтқазилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йилнинг ноябрь ойида Туркия Республикасида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитидаги иштироки давомида ҳам қатор экологик муаммоларга эътибор қаратган эди.
Жумладан, ҳозирги пайтда дунёда иқлим ўзгаришларига қарши курашиш ва экологик муаммоларни ечиш ҳамда “яшил иқтисодиёт”га ўтиш тобора ўткир заруратга айланаётгани алоҳида таъкидланди.